Наманган вилояти Учқўрғон туманида 18 декабрь куни хонадонда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ФВБ ахборот хизмати

Дастлабки маълумотларга кўра, соат 02:34 атрофида Учқўрғон туман ФВБга Дўстлик кўчаси 106-уй 10-хонадонида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган. Унга асосан соат 02:38 да ёнғин қутқарувчилар воқеа жойига етиб борган ва соат 02:40 атрофида ёнғин жойи ўраб олинган.

Ёнғин оқибатида яшаш уйининг ички қисмидан 40 метр/квадрат жойи, уй-рўзғор буюмлари ҳамда қўшнисининг яшаш уйи ички қисмидан 10 метр/квадрат ва 12-хонадоннинг эшиги, уйга кириш йўлак деворлари ёниб зарарланган.

Фото: Наманган вилояти ФВБ ахборот хизмати

Содир бўлган ёнғин соат 03:00 да Учқўрғон туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин қутқарувчилари томонидан бартараф этилган. Ёнғин ўчириш вақтида куйган ҳолда 2-қават йўлагидан 10-хонадон эгасининг ва фарзандининг яшаш уйи ювиниш хонасида тутунга димиққан ҳолда жасади топилган.

Фото: Наманган вилояти ФВБ ахборот хизмати

Ёнғин ўчириш вақтида 106-сонли кўп қаватли уйда яшовчи 6 нафар аёл, 6 нафар эркак ва 4 нафар вояга этмаган ўғил ҳамда қиз болалар Учқўрғон туман фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин қутқарувчилари томонидан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Ҳозирда содир бўлган ёнғин юзасидан тегровга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги ошхонада 19 декабрь куни чақнаш содир бўлганди. Бирламчи маълумотга кўра, 10 нафар фуқаро тан жароҳати олиб, туман шифохонасига олиб борилган. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, воқеа оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.