Халқ депутатлари Ромитан тумани кенгашининг 22 декабрь кунги навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими Хуршид Тоҳиров вазифасидан озод қилинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, сессия кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиққан. Вилоят раҳбари 2019 йилдан бери Ромитан туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Хуршид Тоҳиров бошчилигида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича илдам қадамлар қўйилганини таъкидлаган.

«Унинг тажрибасини инобатга олиб, бошқа масъул лавозимга тайинлашга қарор қилдик», — дейди Ботир Зарипов.

Шундан сўнг Хуршид Тоҳировни Ромитан тумани ҳокими лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори ўқиб эшиттирилган ва депутатлар томонидан тасдиқланган. Сессияда собиқ ҳокимга чуқур эҳтиром кўрсатилиб, келгусидаги ишларига муваффақият тиланган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Ботир Зарипов Ромитан туман ҳокими лавозимига Умид Барноевни тайинлаш тўғрисидаги қарорни ўқиб эшиттирган ҳамда унинг таржимаи ҳоли билан иштирокчиларни яқиндан таништирган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, Умид Барноев 1970 йил 12 июлда Ромитан туманида туғилган. Маълумоти олий. 1996 йилда Бухоро Озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси (ҳозирги Бухоро муҳандислик-технология) институтини ҳамда 2000 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — муҳандис-механик, ҳуқуқшунос. У айни пайтга қадар Бухоро тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Бухоро вилояти Адлия бошқармасида суд ижрочиси сифатида бошлаган. Фаолияти давомида Тошкент шаҳар прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходими (2004−2013), «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти юридик бошқармаси ҳуқуқшунос маслаҳатчиси (2018) сифатида ишлаган. 2018−2020 йилларда эса «Safari Vogue» инновацион туризм кластери директор ўринбосари, 2020 йилдан мазкур МЧЖнинг бош директори лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Умид Барноев 2020 йил 8 ноябрь куни Бухоро тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. Умид Барноев Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими, 2020 йил 20 cентябрда коронавирус оқибатида вафот этган Ўктам Барноевнинг укаси ҳисобланади.