Организмни антитаначалардан ҳам кучлироқ ҳимоя қила оладиган ҳужайралар маълум бўлди

Хитойлик олимлар томонидан ўтказилган рақамли моделлаштириш натижалари Т-ҳужайралари организмни антитаначаларга қараганда кучлироқ ҳимоя қилишини кўрсатди. Бу ҳақда «Royal Society Open Science» журналида хабар берилди.

Фото: «Sky News»

Т-лимфоцитлар ёки Т-ҳужайралари орттирилган иммунитет реакциясининг муҳим элементи бўлиб, танага кирадиган вируслар каби бегона моддаларга жавоб берадиган оқ қон ҳужайралари ҳисобланади. Уларнинг маълумоти билан иммунитет тизими бегона антигенларни ташувчи ҳужайраларни таниб олиш ва йўқ қилиш механизмини ишга туширади.

Пекин университети ва Хитой Тиббиёт фанлари академияси тадқиқотчилари ушбу ҳужайралар коронавируснинг оғир шакли ва у туфайли ўлимнинг олдини олишда қандай роль ўйнашини аниқлаш учун CОVID-19 билан касалланган юзлаб беморларнинг клиник маълумотларининг аниқ тавсифи асосида математик моделни яратган.

Ҳужайра реакцияларини миқдорий моделлаштириш натижалари шуни кўрсатдики, Т-ҳужайралари SARS-CоV-2 вирусини енгишда антитаначалардан кўра муҳимроқ роль ўйнайди. Касалликнинг енгил шакли бўлган беморларда улар вирусли зарраларнинг 96,5 фоизини йўқ қилади.

Таъкидланишича, муаллифлар кашфиёти Т-ҳужайралари сонини кўпайтириш ва ҳужайра иммунитетини оширишга қаратилган янги авлод вактсиналарини ишлаб чиқишга асосланган CОVID-19’га қарши курашнинг янги йўналишини бошлашига умид қилмоқда.

Аввалроқ ЖССТ жамоат жойларида қўлқоп тақиб юриш аҳамияти ҳақида маълумот берган, шунингдек, ташкилот вакиллари Хитойда коронавируснинг 13 штаммини аниқлашгани хабар қилинганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз