Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳни қонуний тақиқлаш ва жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда. Айни пайтда қариндошлар ўртасида никоҳнинг 58,1 фоизи бобо ва бувилар ташаббуси билан тузилиши маълум қилинди. Бу ҳақда 22 декабрь куни қариндошлар ўртасидаги никоҳ тузиш ҳолатлари ва унинг салбий оқибатлари мавзусидаги брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, тадқиқот институти томонидан 2021 йил май–июнь ойларида қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш ҳолатлари ва унинг сабабларини ўрганиш мақсадида республиканинг 200 та туманида 6974 та фуқаролар йиғини раислари ўртасида социологик сўровлар ўтказилган. Унда қариндошлар ўртасида тузилган оилаларнинг ҳаёти қандай кечаётганини аниқлашга қаратилган саволларга респондентларнинг 25,2 фоизида зиддият ва низоларга учраб турганини, 24,9 фоизида оилаларда ногирон фарзанд борлиги, 8,9 фоизида қариндошлик асосида қурилган оилаларда муаммолар мавжудлиги ва доимий келишмовчиликлар бўлаётгани билдирилган.

Қариндошлар ўртасида тузаладиган никоҳнинг 58,1 фоизи боболар ва бувилар, 56,4 фоизи ота-оналар, 14,1 фоизи тоға, хола ва аммалар, 13,2 фоизи опа-сингиллар, 1,2 фоизи ака-укалар ва 8,3 фоизи бошқа шахслар ташаббуси билан тузилади.

«Социологик сўров натижасида қариндошлар ўртасида тузилган оилалардаги вазият янада ойдинлашди. Кузатувлар шуни кўрсатадики, бундай никоҳлар ҳалигача ошкора ёки яширин ҳолда ноқонуний қайд этилиши ҳолатлари учрамоқда», — деди Мукаррам Нурматова.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан шу каби муаммоларни ҳал этиш учун 2022 йилда қатор чоралар амалга оширилиши белгиланган. Хусусан, қизларнинг миллий қадриятлардан келиб чиққан ҳолда тиббий маданиятини ошириш, таълимдан ташқари бўш вақтини мазмунли ташкил этиш орқали ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, ишонч телефонини малакали мутаххасислар билан таъминлаш орқали мурожаат этаётган қизларнинг муаммолари ўз вақтида ижобий ечимини топишларига кўмаклашиш, эрта фарзанд кўрган қизларни ўқишга, касб-ҳунар ўрганишга мотивациялаш бўйича мутахассислар манзилли ишларни ташкиллаштириши шулар жумласидан.

Бундан ташқари, қариндошлар ўртасида никоҳни қонуний тақиқлаш масаласи ҳам ўрганилмоқда ва амалдаги қонунларга ўзгартиш киритилиши мумкин.

Маълум қилинишича, вазирлик томонидан давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда қариндошлар ўртасида қайд қилинган никоҳлар тўғрисида ҳар чорак якуни билан маълумот алмашиш йўлга қўйилган. Бунинг натижасида 2021 йилнинг ўтган даврида республика бўйича 1136 та ҳолатда қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга эришилган.

Шунингдек, агентлик томонидан ФҲДЁнинг ягона электрон архиви ахборот тизимида қариндошлар ўртасида қайд қилинган никоҳлар тўғрисида статистик ҳисоботлар юритилиб бориш имконияти яратилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган шахслар ўртасида эрта никоҳ ҳолатларини расман қайд этиш кузатилади. Бу халқаро нормалар бўйича болалар никоҳи сифатида кўрилади, аммо миллий қонунчиликда болалар никоҳига рухсат берилган.