Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Олмалиқ шаҳрига ташрифи чоғида Олмалиқ кон-металлургия комбинатига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари, аввало, мазкур кондаги ишларни кўздан кечирган. Кон ҳудуди — 11 минг гектар. Захираси йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Президентга шу борадаги ишлар ҳақида ахборот берилди. Бу ерда иш бошланган 2017 йилда йилига 3 миллион куб метр кон ишлари бажарилар эди. 415 миллион долларлик 570 дан зиёд замонавий техникалар олиб келингач, самарадорлик ўн карра ошди. Эндиликда иш ҳажми йилига 40 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

«Бу кон — катализатор. Уни самарали ўзлаштириш билан бирга кичик конлар бўйича ҳам янги йўналиш қилиш керак. Бу ҳам қўшимча иш ўринлари, катта экспорт дегани», — деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, оҳак заводи, 650 мегаваттли электр тармоғи ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилади. Жами 6 минг киши иш билан таъминланади. Давлат раҳбари ушбу комбинат, умуман, келгусида ҳар бир саноат корхонаси ўзини ўзи муқобил электр энергияси билан таъминлаши зарурлигини таъкидлади. Илмий тадқиқотларни ва мақсадли аспирантурани кенгайтириш, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали салоҳиятини ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келади. Охирги йилларда илмга ва технологияга катта маблағ йўналтирилгани натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда. Хусусан, Президентнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатда «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистонда кончилик ва металлургия саноати фахрийлари кенгаши тузилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги мис бойитиш фабрикаси ишчиларига яратилган шароитларни кўздан кечирган.