Халқ депутатлари Қоракўл тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Хуршид Тоҳиров туман ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессияда Ботир Зарипов Хуршид Тоҳиров номзодини Қоракўл тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинганлигини депутатларга маълум қилди. Шундан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан музокараларга ўтилиб, туман Кенгаши депутатлари ва туман фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Маълумот ўрнида, Хуршид Тоҳиров 1976 йилда Ромитан туманида туғилган. 2001 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини ҳамда 2007 йилда Тошкент Молия институтини битирган. Мутахассислиги — транспорт воситаларидан фойдаланиш ва молия.

У меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ромитан тумани молия бўлими ҳисобчиси сифатида бошлаб, 2001-2005 йилларда Ромитан тумани молия бўлими бош ҳисобчиси, 2005-2017 йилларда Ромитан тумани молия бўлими мудири ва молия бўлими мудири ўринбосари, 2017-2019 йилларда Ромитан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Ромитан тумани кенгашининг 22 декабрь кунги навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими Хуршид Тоҳиров вазифасидан озод қилинганди. Унинг ўрнига Умид Барноев туман ҳокими этиб тайинланган.