Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Колпинский туманида 17 ёшли ўзбекистонлик талаба йигит ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, «78.ru» хабар берди.

Фото: «Российская газета»

Маълум қилинишича, 20 декабрь куни кечқурун «112» хизматига кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида 17 ёшли йигитнинг жасади топилгани ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб келган махсус хизмат ходимлари 17 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг жасадини бирорта шикастланишсиз топган.

Қайд этилишича, Саноат технологиялари академиясининг иккинчи курс талабаси бўлган йигитнинг онаси Металлострой қишлоғида яшайди, отаси йўқ. Ўлим сабабини аниқлаш учун жасад ўликхонага юборилган. Жасад ёнида ичида оч рангдаги модда бўлган тўртта полиэтилен пакет, мобил телефон ва ҳужжатлар бўлган. Ҳолат юзасидан айни пайтда текширув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Россияда Ўзбекистон фуқаросининг 4 ойлик чақалоғи ўлик ҳолда топилганди. Шунингдек, Россияда ўзбекистонлик эркак пичоқлангани айтилган.