Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятида «Толибон» ҳаракати аъзолари ва Покистон чегарачилари ўртасида можаро келиб чиқди. Бу ҳақда афғонистонлик журналист Билол Сарварий Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракатининг махсус бўлинмаси Покистон чегарачиларининг Афғонистон ҳудуди бир қисмини девор билан ўрашига тўсқинлик қилган.

Аниқлик киритилишича, Покистон чегарачилари қўшни ҳудудни афғон томондан тиканли сим билан ўраб олишга уринган. Воқеа жойига етиб келган «Толибон» ҳаракати жангчилари тиканли симларни олиб ташлаган. Шундан сўнг ҳаракат қўмондони ва Покистон ҳарбийлари оғзаки жанжаллашган, воқеа жиддий тўқнашувларсиз тугаган.

Қайд этилишича, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара «Дуранд линияси» деб аталадиган чизиқ бўйлаб ўтади. У 19 асрдаги учта инглиз-афғон урушидан кейин чизилган, Британия бу вақт давомида Британия Ҳиндистонини кенгайтиришга ҳаракат қилган. Ушбу чегара 1893 йилда Афғонистон амири Абдураҳмон ва Ҳиндистон мустамлака маъмурияти котиби Мортимер Дуранд ўртасидаги музокаралар натижаси ҳисобланади.

«Толибон» ҳаракати 2001 йилда ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин тузилган аввалги Афғонистон ҳукумати Дуранд чизиғини чегара сифатида тан олишдан бош тортган ва у мамлакатнинг тарихий чегараларига тўғри келмаслигини, куч билан ўрнатилганини таъкидлаган. Шу сабабли чегарада Покистон ва Афғонистон қўшинлари ўртасида вақти-вақти билан тўқнашув бўлиб туради.

Аввалроқ Осиёнинг икки давлати ўртасида Афғонистон билан боғлиқ можаро келиб чиққани хабар қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати аъзолари ўртасидаги можаро бўйича маълумот берилганди.