Янгиликлар - 16:28 · 22.12.2021

Тошкентда машиналар учун йўл бўйи пулли тўхташ жойлари ташкил этилиши мумкин

Тошкент шаҳрида автомобилларнинг йўл бўйи пулли тўхташ жойлари тизими ташкил этилиши мумкин. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилди.

Фото: «Bugun.uz»

Лойиҳага кўра, тизим ҳудудда тирбандликлар, марказий кўчаларда транспорт оқимини камайтириш, шахсий ва жамоат транспорти ўртача ҳаракатланиш тезлигини ошириш, автомобилларнинг йўл бўйида бетартиб тўхташини тартибга солиш, транспорт воситаларидан атроф-муҳитга чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдорини камайтириш ва аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади.

Таъкидланишича, йирик бозорлар, савдо марказлари, йирик транспорт боғламалари, метронинг охирги ва йўловчи оқими юқори бўлган бекатлари ва шаҳарга асосий кириш жойлари ёнида ташкил этиладиган автотураргоҳларда ҳам автомобилларнинг йўл бўйи пулли тўхташ жойлари ташкил этилмоқда.

Биринчи босқичда шаҳарнинг 10 та кўчасида, келгусида талабдан келиб чиқиб бошқа кўчаларда ҳам автомобилларнинг автоматлаштирилган йўл бўйи пулли тўхташ жойлари тизими давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида ташкил этилади. Тизимни барпо этиш жараёнида бундай жойларга ёндош ҳудуддаги пиёда йўлакларини таъмирлаш ва велосипед йўлаклари ташкил этиш ишлари амалга оширилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда автомобиллар учун пулли йўллар нархи қанча бўлиши маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкент йўлларида машиналар тезлигини чекловчи ноодатий тўсиқлар ўрнатилган.

Bugun — LIVE