Тошкентга камида 2025 йилгача трамвай қайтарилиши режалаштирилмаяпти. Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамаси «Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирди. Мазкур концепцияда шаҳар жамоат транспортини мазкур давр мобайнида қандай ўзгаришлар кутаётгани қайд этилган бўлиб, унда трамвай фаолиятини қайта тиклаш назарда тутилмаган.

Фото: «Газета.uz»

Ўзбекистон пойтахтида трамвай фаолияти 2016 йил 2 майдан бошлаб тўхтатилган. Мазкур тизим 1912 йил 29 декабрда иш бошлаган бўлиб, Марказий Осиёдаги биринчи ва энг каттаси бўлган. Шаҳар бу транспорт туридан 2008 йилда воз кечишни бошлаган бўлиб, ўшанда 3, 6, 29 рақамли трамвай йўналишлари ёпилган. Шундан сўнг бошқа йўналишлар ҳам навбати билан ёпилиб, 2016 йил 2 май куни 17-йўналишда ҳаракатланувчи 2006 рақамли «VarioLF» трамвай вагони 2-трамвай депосига кириб келган ва шу тариқа шаҳарнинг 115 йиллик тарихга эга трамвай тизими фаолияти якунланган. Кераксиз бўлиб қолган трамвай линиялари эса 2016–17 йиллар давомида демонтаж қилинган.

Пойтахтда бу транспорт фаолиятининг тўхтатилиши ўз вақтида жамоатчилик фаолларининг танқидларига сабаб бўлган ва ҳалигача шаҳарнинг транспорт тизими ҳақида гап борганда ёдга олинади. Хусусан, молиячи Отабек Бакиров юқоридаги қарор лойиҳасига муносабат билдириб, ҳужжатда экспертларнинг трамвайни қайта тиклаш бўйича фикрлари инобатга олинмаганини таъкидлаган.

«Кейинги йилларда пойтахтда жамоат транспорти билан боғлиқ аҳвол фақат оғирлашиб бораяётгани, жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўйишда нисбий афзаллиги юқори бўлмаган ва энг қиммат усуллардан фойдаланилаётгани кўп танқид қилинди. Хусусан, экспертлар ва фаоллар Тошкентда трамвай ҳаракатини тиклаш тўғрисида кўплаб мулоҳазаларни баён этдилар. Лекин таклиф этилаётган лойиҳада бу инобатга олинмаган», — деган Отабек Бакиров.

Иқтисодчи Ботир Қобилов эса бутун дунё айнан шуларга қараб интилаётган пайтда Тошкентдаги 115 ва 63 йиллик трамвай ва троллейбус олиб ташланиши, ноўрин қурилишлар ва шу каби нотўғри қилинган шаҳарсозлик нафақат шаҳарлар кўркини ва архитектурасини бузиши, тирбандлик ёки шунга ўхшаш муаммоларни келтириб чиқариши, балки аҳоли саломатлигини, таълимини ва соғлом турмуш тарзини заифлаштиришини ва энг муҳими уни камбағаллаштириши таъкидлаган.

«Бу имкониятлар тенгсизлигини кенгайтиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради ва қолоқликда қолиб кетишимизга сабаб бўлади», — деган иқтисодчи.

Журналист Никита Макаренко Ўзбекистон Европа мамлакатлари қилган хатолардан хулоса чиқармаётганини таъкидлаган. У бир вақтлар Европа шаҳарлари оммавий равишда трамвайлардан халос бўлиб ва йўллар кенгайтирганини эслаган.

«90-йилларнинг ўрталарида катта тирбандликлар узага келганида, ақлли ҳокимлар бу фикр қанчалик утопик ва нотўғри эканлигини тушунди. Улар зудлик билан магистраль йўлларни йўқ қилиб, чорраҳа ва кўприкларни буза бошлади. Шунингдек, йўллар торайтирилиб, трамвайлар қайтарилди. Бундан ташқари, бу шаҳарларда солиқлар ва пуллик тўхташ жойлари эвазига машинадан фойдаланиш бефойда бўлиб қолди.

Тошкентда эса архитекторлар собиқ трамвай ўрнида дарахтларни кесиб ташлаб йўлни кенгайтирди. Қачондир бизнинг фарзандларимиз шаҳарга трамвайни қайтариб, буларнинг ҳаммасини йўқ қилишига тўғри келади. Улар 2019 йилни яхши сўз билан эсламайди.

Ақллилар бошқаларнинг хатоларидан сабоқ олади. Биз эса бошқаларнинг хатоларини завқ билан такрорлашни яхши кўрамиз», — деган журналист.

Маркетолог ва блогер Феруз Ёқубхўжаев эса трамвай тизими, албатта, Тошкентда қайта йўлга қўйилишига ишонч билдирганди.

«Ҳа, трамвай, албатта, пойтахтга қайтади. Янгиланган, камроқ шовқинли ёки аввалгидек. Лекин асосийси, у қайтади Трамвай — диққатга сазовор жой, йирик ва ривожланган шаҳар-метрополиснинг белгиси», — деган блогер.

                                                                    Баҳодир Абдуллаев тайёрлади