Туркия меҳмонхоналари Ўзбекистон, Қирғизистон ва Африкадан ишчи кучи олиб кетмоқчи

Туркия меҳмонхоналари Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Африкадан ишчи кучи олиб кетмоқчилиги айтилди. Бу ҳақда «Fun & Sun» клуби директори Волкан Шимшекнинг сўзларига таяниб, «Турпром» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, коронавирус пандемияси ва миллий валютанинг қадрсизланиши туфайли турк меҳмонхоналари дуч келган туризм соҳасидаги жиддий кадрлар етишмовчилиги хизмат кўрсатиш даражасига ва, умуман, меҳмонхона бизнесига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Маҳаллий аҳоли «текинга» ишлашни истамагани учун йирик меҳмонхона брендлари, ҳеч бўлмаганда, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Африкадан ишчи кучини олиб кириш орқали кадрлар тақчиллигини қоплашга қарор қилган.

«Меҳмонхоналарда кадрларнинг энг катта танқислиги хўжалик бўлими, официантлар ва уларнинг ёрдамчиларида кузатилмоқда. Жуда жиддий бўшлиқлар мавжуд. Ходим топишда муаммоларга дуч келяпмиз. Пандемия сабабли кадрлар бўшлиғи сўнгги икки йил ичида Қирғизистон ва Ўзбекистон каби давлатлар томонидан тўлдирилди. Сўнгги тенденция шундан иборатки, биз Африкадан келган кадрлар ҳисобига сектордаги кадрлар бўшлиғини ёпишга ҳаракат қилмоқдамиз. Афтидан, 2022 йилда биз уни Африкадан келган ходимлар ҳисобига тўлдирамиз», — дея тушунтирган Волкан Шимшек малакали кадрлар танқислигининг асосий сабаби туризм соҳасидаги мавсумий ишсизлик ҳисобланишини қўшимча қилган ҳолда.

Унинг айтишича, меҳмонхоналарда 7 ой кетма-кет ишлаган ходимлар кейинги 5 ой ишсиз ва пулсиз қолади. Муносиб маошнинг йўқлиги ҳам ишчиларнинг туризм соҳасида ишлашдан умумий бош тортишига сабаб бўлмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, Туркияда пандемия даврида туризм ходимлари жуда кам маош ола бошлаган, шунинг учун ҳам четга чиқиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда мигрантларга доир яна бир қарор ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган. Шунингдек, Россияда мигрантларни коронавирусга қарши эмлаш бошлангани маълум қилинганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз