Халқ депутатлари Учқўрғон тумани кенгашининг 22 декабрь кунги навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессияда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди ва туманни ривожлантириш учун мавжуд имкониятлар ишга солинмаётгани, тадбиркорликни ривожлантириш, кичик саноат зоналари ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратишга етарли эътибор қаратилмагани танқид остига олинди.

Туманнинг собиқ раҳбари Азим Ваҳобов фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун туман ҳокими лавозимидан озод этилди. Наманган вилояти ҳокимининг қарори ҳамда туман кенгаши депутатлари тасдиғи билан Жаҳонгир Ризаев Учқўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Жаҳонгир Ризаев 1986 йил 5 декабрь куни Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йили Наманган муҳандислик педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-энергетик. У 2018 йил май ойидан, ҳозирги вақтга қадар «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг бош директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Аввалроқ Наманган вилоятининг Косонсой ва Норин туманларига янги ҳокимлар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.