Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов 21 декабрь куни вилоят аҳолисига йўллаган мурожаатида 140 нафардан ортиқ туғма юрак нуқсони бор юқори технологик операцияга муҳтож болаларни бепул даволаш учун 2,5 миллиард сўм маблағ ажратилишини айтганди. АОКА томонидан ташкил этилган пресс-тур давомида журналистлар шу каби беморлар даволанадиган Кардиология марказида бўлди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Вилоят кардиология диспансери 1991 йил 100 ўринга мўжаллаб ташкил қилинган бўлиб, 2010 йилда вилоят кардиология марказига кўчирилди, сўнгра 2018 йилдан 15 ўринли болалар кардиохирургияси бўлими очилди. Марказ бугунги кунда 115 ўринли. Хусусан, 80 ўрин 3 та кардиология, 15 ўрин ЮИК ва орттирилган юрак нуксонлари кардиохирургияси, 15 ўрин болалар кардиохирургияси, 5 ўрин интервенцион кардиология, 75 қатновга мўжалланган поликлиника бўлимларидан иборат.

«Марказимизда болалар кардиохирургияси бўлими очилиши билан туғма юрак нуқсони ташхиси билан операция қилинадиган беморлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2018 йилгача ҳар йили уртача 50–70 бемор операция қилинган бўлса, ҳозирги кунда йилига 400, шундан туғма юрак нуқсони билан 130–140 бемор операция қилинмоқда.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Мураккаб турдаги туғма юрак нуқсонларини оператив даволаш йўлга қўйилган (Фалло тетрадасини радикал коррекциялаш, ўнг қоринчадан чиққан магистрал қон томирлар коррекцияси, ДОМС, Гленн операцияси, юқори ўпка артерияси гипертензиясида нуқсонни бартараф қилиш). Ўлим кўрсаткичи 5,5 фоиздан 1,8 фоизгача камайтирилди», — деди марказ директори, тиббиёт фанлари номзоди Анвар Сагиров.

Унинг сўзларига кўра, марказ чет эл етакчи клиникалари: Украина даволатининг Н.М.Амосов номли қон томир хирургияси маркази, Россиянинг Бакулев номли қон томир хирургияси маркази, Козоғистоннинг Остона миллий қон томир маркази, Кореянинг ЁНСЕ университетлари билан ҳамкорлик йўлга қўйган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, марказ 1 миллион 893 минг 059 аҳолига ихтисослаштиришган кардиологик ва кардиохирургик тиббий хизмат кўрсатади. Вилоят бўйича 255 кардиологик ўрин мавжуд. 2017 йилда 5 та — Ҳазорасп, Хонқа, Боғот, Шовот, Хива туманларида кардиология бўлимлари очилган. 22 кардиолог кабинет кўп тармоқли марказий поликлиникаларда фаолият юритади.

Маълумот учун, Президентнинг 2021 йил 22 сентябрь куни Хоразм вилоятига ташрифидан сўнг Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Урганч филиали негизида Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилган.

Пресс-тур давомида журналистлар Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида ҳам бўлди.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ушбу олийгоҳда 5 та факультет мавжуд бўлиб, улар даволаш иши факультети, педиатрия иши факультети, тиббий профилактика, соғлиқни сақлашни бошқариш ва хорижий талабалар факультети, стоматология факультети ва қўшма дастур факультети. Таъкидланишича, бакалавриатда жами 2900 дан ортиқ, шу жумладан, 468 нафар чет эл фуқароcи таҳсил олади.

Эслатиб ўтаиз, аввалроқ Қашқадарёда швейцариялик кардиожарроҳлар мураккаб операцияларни амалга оширганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 90 ёшли беморда мураккаб кардиохирургик амалиёт ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.