Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 30 ёшли ўзбекистонлик эркак пичоқланди. Бу ҳақда «Фонтанка» хабар берди.

Фото: «НИА Красноярск»

Маълум қилинишича, 22 декабрь куни 30 ёшли Ўзбекистон фуқароси кўкрак қисмига пичоқ билан урилган ҳолда касалхонага ётқизилган. Кўп ўтмай Колпино шаҳрида жойлашган грузин «Мзиури» кафесининг раҳбарларидан бири бўлган 55 ёшли фуқаро қўлга олинган. Эркакнинг қўлидан пичоқ олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган.

Таъкидланишича, Колпинский тумани полицияси Уст-Изҳора қишлоғидаги грузин кафесида содир этилган ҳодисадан кейин жиноий иш қўзғатиш масаласини ўрганмоқда.

Аввалроқ Россиядаги бозорлардан бирида 23 ёшли ўзбекистонлик пичоқланганди. Шунингдек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик эркак 3 нафар ҳамюрти томонидан пичоқлангани айтилганди.