Покистон Қуролли кучлари 21 декабрь куни «Babur-1В» қанотли ракетасини синовдан ўтказди. Бу ҳақда «Hindustan Times» хабар берди.

Фото: «Anadolu Agency»

Маълум қилинишича, учириш мобил ишга туширгич ёрдамида амалга оширилган, Покистон президенти Ориф Алви ва бош вазир Имрон Хон ҳарбийларни муваффақиятли синов билан табриклаган.

«Покистон 900 километр масофага уча оладиган ‘Babur-1Вʼ қанотли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ракетанинг олдинги версияси 450 километр масофани босиб ўтишга қодир бўлган. ‘Babur-1Вʼ қанотли ракетаси қуруқлик ва денгиздаги нишонни юқори аниқликда уриб тушира олади», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ракета ядровий ва оддий қуролларни таший олади. Унинг биринчи варианти 2010 йилдан бери Покистон армиясида хизмат қилмоқда.

Аввалроқ АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Аден кўрфазида сувости кемаларига қарши лазер қуролини синовдан ўтказганди. Шунингдек, Ҳиндистон танкка қарши янги авлод ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказгани ҳақида хабар берилганди.