Маршал Абдулрашид Дўстум 23 декабрь куни ҳарбий қўмондонлар билан учрашди. Бу ҳақда маршалга яқин манба «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Манбанинг маълум қилишича, у ҳарбий қўмондонлар билан бўлган учрашувда «Толибон»га қарши туришга ваъда берган. Туркия пойтахти Анқарада бўлиб ўтган учрашувда уларга Дашти Лайли тарихини такрорлашини айтган.

Қайд этилишича, ҳарбий қўмондонлар билан учрашув ҳамда «Толибон» ҳаракатига қарши курашиш ҳақидаги баёноти Абдулрашид Дўстумнинг Афғонистон ҳукумати ҳаракат назоратига ўтганидан сўнг қилган биринчи чиқиши бўлган.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган манбаларнинг «Bugun.uz»га айтишича, бир неча давлатлар «Толибон» ҳаракатига қарши курашаётган томонни қўллаб-қувватлаб, кенгроқ гуруҳ ташкил этган ҳолда Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракатидан озод қилинишига ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ ҳозирча мамлакатлар номи очиқланмаган. Бундан ташқари, «Толибон» ҳаракати ҳам Дўстумниг бу баёнотига муносабат билдирмаган.

Анқарадаги ҳарбий қўмондонлар билан бўлиб ўтган учрашувдан олдин Абдулрашид Дўстум Афғонистон Қаршилик кўрсатиш олий кенгашида у билан бирга бўлган ҳазоралар жамияти етакчиси Муҳаммад Моҳақеқ билан кўришган. Маршал Дўстумнинг ўғли ҳам бўлган учрашув тасвирланган сурат остига ҳазоралар жамияти етакчиси Муҳаммад Моҳақеқ «дўстона учрашув» деб ёзиб қўйган.

Жаузжон вилоятининг Дашти Лайли чўлидаги қирғин 2001 йил декабрь ойида содир бўлган. Турли манбаларга кўра, ўшанда Дўстум қўмондонлиги остидаги кучлар томонидан «Толибон» ҳаракатининг кўплаб асирлари — бир неча минг киши ҳалок бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, ўшанда асирлар отиб ташланган ёки ҳаво ўтказмайдиган металл идишларда бўғиб ўлдирилган. Бунга бир гуруҳ маҳбуслар томонидан кўтарилган қўзғолондан сабаб бўлган.

Айни пайтда Афғонистонда маршал Дўстум иштирокида Миллий қаршилик олий кенгаши тузилган бўлиб, унинг таркибига Абдураб Расулий Сайёф, Муҳаммадюнус Қонуний, Ато Муҳаммад Нур, Абдулрашид Дўстум, Муҳаммад Муҳаққи ва бошқа сиёсатчилар кирган. Кенгаш аъзолари Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилмоқчилиги, агар бошқа тараф ва унинг издошлари бундай қарорга рози бўлмаса, курашнинг иккинчи қисми (ҳарбий ҳаракатлар)га ўтилишини айтган. Кенгаш ташкил этилгани эълон қилингандан сўнг Дўстум агар «Толибон» ҳаракати сайлов йўли билан ҳукумат тузишдан бош тортса, кенгаш уларга қарши курашишини билдирган.