ЖССТ болаларни коронавирусга қарши оммавий эмлашга қарши чиқди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) болалар ва ўсмирларни ковидга қарши оммавий эмлашга қарши чиқди. Бу ҳақда ташкилот веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Bloomberg»

Маълум қилинишича, ЖССТ бунинг сабабини ушбу ёш гуруҳида касалликнинг жиддий ҳолатлари кам учраётгани, бундан ташқари, бир қатор мамлакатларда аҳолининг юқори хавф гуруҳидаги қатламлари ҳали тўлиқ эмланмагани билан изоҳлаган.

«ЖССТ ҳозирда болалар ва ўсмирларни омммавий эмлашни тавсия этмайди, чунки бу ёш гуруҳида касалликнинг оғир шаклига чалиниш кўрсаткичи паст, бундан ташқари, касаллик хавфи юқори бўлган гуруҳлар орасида барча мамлакатларда кенг қамровли эмлаш кўрсаткичига эришилмаган», дейилади баёнотда.

ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус 22 декабрь куни Женевада бўлиб ўтган брифингда бутун дунё бўйлаб вакциналарни тарқатишда адолат йўқлигига эътибор қаратган. «Баъзи давлатлар универсал кучайтирувчи дастурларни амалга ошираётган бир пайтда ЖССТга аъзо давлатларнинг фақат ярми йил охирига қадар ўз аҳолисининг 40 фоизини эмлашга эриша олди», — деган ташкилот раҳбари вакцинанинг глобал таъминотидаги номутаносиблигига таяниб.

ЖССТ раҳбарининг айтишича, ҳозирда дунёда вакцинанинг барча дозаларининг тахминан 20 фоизи ҳар куни кучайтирувчи ва қўшимча эмлашлар учун ишлатилади. Улардан фойдаланишда тенглик йўқлиги кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.

Аввалроқ америкалик олимлар коронавируснинг янги хавфли турини аниқлагани маълум қилинган. Шунингдек, Ҳиндистонда яна бир хавфли касаллик топилгани ҳабар берилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз