Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2021 йилда коронавирусдан қанча одам ҳалок бўлганини очиқлади. Бу ҳақда ташкилот веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «The Guardian»

Маълум қилинишича, бутун дунёда қурбонлар сони 3,5 миллион кишини ташкил этган. «Коронавирус туфайли 2021 йилда 3,5 миллион киши ҳалок бўлди. Бу 2020 йилда ОИВ, безгак ва силдан жами ҳалок бўлган одамлар кўрсаткичидан юқори», дейилади хабарда.

Ташкилот раҳбарининг таъкидлашича, ҳар ҳафтада коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этганлар сони 50 мингга яқин кишини ташкил қилмоқда.

Маълумот ўрнида, ЖССТ мутахассислари коронавирусни моноклонал антитаначалар (иммун ҳужайралар томонидан ишлаб чиқарилган антитаначалар) билан даволашни маъқуллаганди. Қайд этилишича, коронавирусни даволашнинг бу усули, асосан, оғир беморлар ёки эмлаш жараёнида антитаначалар ишлаб чиқмаган беморлар учун тавсия этилади.  ЖССТ бундай ҳолларда иккита моноклонал антитаначалар, яъни касиривимаб ва имдевимабни биргаликда қўллаш фойдали, чунки улар вируснинг бошоқли оқсилига ҳужум қилиб, ҳужайра инфекциясини тўхтатишини айтган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, вирусни антитаначалар ёрдамида даволаш беморнинг касалхонага ётиши хавфини камайтиради, шунингдек, оғир касаллик хавфи юқори бўлган беморларда COVID-19 аломатларининг давомийлигини камайтиради.

Тадқиқот натижаларига кўра, мазкур антитанчаларни биринчи навбатда, оғир аҳволда бўлган ва кислород аппаратига уланиши керак бўлган оғир касалланган беморларга нисбатан ишлатиш зарур. Беморларнинг бошқа гуруҳлари учун даволанишнинг бу усули самарасиз бўлиши мумкин.

Аввалроқ ЖССТ коронавирусга оид хушхабар эълон қилгани ва ташкилот вакили Ўзбекистонда ҳам аниқланган «дельта» штамига қарши кураш йўлини айтгани маълум қилинганди.