Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Янги йил яқин. 31 декабрда ҳаммаёқ эртаклардагидек қор билан қопланган бўладими? Йўқ, албатта!

Охирги йилларда ўзбекистонликлар учун Янги йилни қорсиз кутиб олиш одатий ҳол бўлиб қолди. «Ўзгидромет» мутахассиси бу йил ҳам шундай ўтиши ва бунга сабаб глобал исиш эканини айтди.

Фото: «Bugun.uz»

Таҳлилларга кўра, ҳозирда йил давомида совуқ ҳаво оқимининг республика ҳудудига кириб келиши ўтган аср охирларига нисбатан икки баробарга камайган. Натижада 2016 йилдан бери қишда ёққан қор давомийлиги ва ердаги қор қопламининг суткалаб эримасдан туриш ҳолати кескин камайиб кетган.

Наманганда 19,5 минг доллар ёқиб юборилди. Ҳавотир олманг, улар қалбаки.

«Bugun.uz» мухбирининг хабар беришича, Наманган шаҳрида ашёвий далил сифати олинган қалбаки 19,5 минг доллар ёқиб юборилди. Унда мухбиримизнинг ўзи ҳам қатнашди.

Фото: «Bugun.uz»

Мажбурий мжро бюросининг Наманган шаҳар бўлими иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2021 йил 4 октябрдаги ижро варақасига асосан фуқаро П.Н. ва бошқаларнинг иши бўйича ашёвий далил сифатида олинган қалбаки 19 500 АҚШ доллари тегишли органлар вакиллари иштирокида йўқ қилинди.

Мазкур жиноий иш ва қалбаки пуллар ҳақида батафсил қуйидаги видеода.

Тошкент аҳолиси сони ва жамоат транспортининг қатнови тескари пропорционал равишда кетяпти. Биринчиси, табиийки, тепага, иккинчиси — пастга.

«Bugun.uz» журналистлари Вазирлар Маҳкамаси муҳокамалар порталига жойлаган «Тошкент шаҳар транспорти ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» қарор лойиҳасини таҳлил қилиб чиқди. Ҳужжатда пойтахт жамоат транспорти билан боғлиқ бир қатор маълумотлар берилган бўлиб, уларнинг баъзилари жамоатчиликда яна саволларни кўпайтирмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, ҳозирда Тошкент шаҳрида жамоат транспортида кунлик ўртача 940–950 минг йўловчи ташилмоқда. Солиштириш учун, 2009 йилда пойтахт жамоат транспорти кунига ўртача 1,5 миллиондан ортиқ одамга хизмат кўрсатган. 2009–2021 йилгача бўлган оралиқда эса шаҳар аҳолиси 488 мингга кўпайган.

Статқўм маълумотига кўра, 2009 йилда Тошкент аҳолиси 2 миллион 206 минг нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йилгача бу кўрсаткич 2 миллион 694 мингга етган. Соддароқ тушунтирганда, шаҳар аҳолиси ўсиши фонида жамоат транспортининг қуввати кескин камайган.

Яна ҳокимликларда ўзгаришлар:

Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов соғлиғидаги муаммо сабаб 23 декбарь куни лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Шуҳрат Мусаев Уйчи тумани ҳокими этиб тайинланди.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан ҳокимнинг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникация масалалари бўйича яна бир ўринбосар — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ҳам ўзгарди.

Коллаж: «Bugun.uz»

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган пуллар ўзлаштирилгани ҳақида гапирганди. «Ўзсувтаъминот» ҳокимнинг айбловини рад этди.

«Ўзсувтаъминот» АЖ Ховос туманига сув таъминоти учун ажратилган 7 миллион доллардан ортиқ маблағ талон-торож қилинганини инкор этди.

Фото: ЎзА

Ушбу маблағлар талон-торож қилинмай, пудратчи томонидан лойиҳада кўзда тутилган барча ишлар бажарилган, деб баёнот тарқатди «Ўзсувтаъминот» АЖ. Компания вилоят ҳокимининг танқидий чиқишига муносабат билдириб, унинг гапида хатолик бўлганига урғу берган.

Лойиҳа, хабарда айтилганидек, Осиё тараққиёт банки эмас, балки Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган бўлиб, бунда Жаҳон банки томонидан 6 миллион 250 минг доллар, Ўзбекистон томонидан эса 1 миллион 60 минг доллар ажратилган. Хусусан, пудратчи томонидан субпудратчи ‘Мега-Мебико’ қўшма корхонаси билан биргаликда ‘Сергели’ сув иншоотидан Ховос туманининг ‘Оқчангал’ аҳоли яшаш пунктигача 28 километр масофага диаметри 700 миллиметр бўлган шиша толали қувурлар ётқизилиб, қурилиш-монтаж ишлари 2019 йилнинг июнь ойида тугатилди», дейилади «Ўзсувтаъминот» баёнотида.

Хуллас, воқеа жуда чалкаш. У ҳақда батафсил ушбу мақолада ўқишингиз мумкин. Ундан олдин ушбу воқеага аталган карикатурани кўринг.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Ўзбекистон Афғонистонга 63 та вагонда инсонпарварлик ёрдами жўнатди;
  • Ўзбекистонда туман ҳокимликларининг фаолияти КПИ асосида баҳоланди — натижа;
  • Ўзбекистонда январь–ноябрь ойларида 63,3 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди;
  • Янги йил байрами муносабати билан барча йўловчи поездларига қўшимча вагон уланадиган бўлди.

Хўш, оламда нима гап?

Иброҳим Жунусов Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимидан номаълум сабабга кўра озод этилди.

Фото: Қирғизистон ТИВ

Президент Садир Жапаров бу бўйича тегишли фармонни имзолаган. Аммо лавозимдан озод этиш сабаблари келтирилмаган. Маълумот учун, Жунусов бу лавозимда уч йилдан буён ишлаб келаётган эди. Ундан олдин у Туркияда Қирғизистон дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган.

Туркияда лира курси пасайиши сабаб муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиладими? Йўқ!

Фото: «Anadolu Agency»

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк лираси курсининг рекорд даражада пасайиши фонида мамлакатда муддатидан олдин президентлик ва парламент сайловларини ўтказиш имкониятини қатъиян рад этди.

«Эълон қиламанки, сайлов 2023 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтади. Эрта сайловлар бўлмайди. Мен бу масалага нуқта қўяман», — деган давлат раҳбари.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.