Чуст тумани ҳокими Бекзод Ҳамдамов 12 декабрь куни улоқ вақтида отдан йиқилиб, жиддий жароҳат олган ва ҳозирда шифохонада даволанмоқда. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, Бекзод Ҳамдамов Давлатободдаги «Отчопар»да улоқ чопиш вақтида отдан йиқилган. Улоқ 12 декабрь куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтказилган. Бекзод Ҳамдамовнинг отдан йиқилиши вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳам иштирок этган айнан ўша улоқда бўлгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, туман ҳокими жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган. Бекзод Ҳамдамов 12 декабрдан кейин жамоат жойида кўриниш бермаган.

Шунингдек,  17 декабрь куни Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими биринчи ўринбосари Жамшидбек Баҳодировнинг 2021 йил якунлари ва 2022 йилги режалар бўйича мурожаати тингланган.