Ўзбекистонда 30–31 декабрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Бу ҳақда «Ўзгидромет» мутахассиси хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Янги йил байрами арафасида ёғингарчилик кузатилмайди ва бунга глобал иқлим ўзгариши сабаб қилиб кўрсатилган.

«Глобал иқлим ўзгариши бизнинг минтақада илиқ қиш кунлари ортиб кетиши билан намоён бўлмоқда. Ўзбекистонда қиш мавсумида қор ёғиши учун шимол ва шимоли-ғарбдан совуқ ҳаво оқими тез-тез республика ҳудудига кириб келиши керак бўлади. Бошқача айтганда, бизнинг минтақада айни шу ҳаво оқимидан қор ёғади», — дейди мутахассис.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда йил давомида совуқ ҳаво оқимининг республика ҳудудига кириб келиши ўтган аср охирларига нисбатан икки баробарга камайган. Натижада 2016 йилдан бери қишда ёққан қор давомийлиги ва ердаги қор қопламининг суткалаб эримасдан туриш ҳолати кескин камайиб кетган.