Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб дон, ун ва қолипли нон нархларини эркинлаштириш жараёни бошланди. Бунга қадар, аҳолининг ун маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун давлат томонидан фермерлардан ғаллани паст нархларда сотиб олиш механизми амал қилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг ҳар ойлик баёни асосида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ёпиқ биржа савдолари орқали маҳаллий буғдой уни сотилган.

Фото: «Bugun.uz»

Оқибатда фермерлар ва дон корхоналарининг иқтисодий зарар кўриши улар моддий-техник базаларини яхшилай олмасликлари, ҳосилдорликни оширишга бўлган рағбатнинг тушиб кетишига олиб келган. Қолаверса, «план» тўлдириш масаласи давлат сиёсати даражасида ҳал этилган, акс ҳолда турли таҳдидлар янграши кузатилган.

Масалан, давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган ғалла нархи 2017 йилда — 550, 2018 йилда — 750, 2019 йилда эса 1420 сўм этиб белгиланган. Мақсад — дон эркинлигини таъминлаш, бозорда ун ва нон маҳсулотлари нархини барқарор ушлаб туриш, импорт товарга тобеликни камайтириб, маҳаллий ишлаб чиқаришни максимал ошириш. Аммо арзон ун ҳар доим ҳам нон ишлаб чиқарувчиларга етиб бормаган ёки арзон уннинг барчаси ҳам нон маҳсулотига айланмаган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, биргина «Оҳангарон дон» акциядорлик жамияти бошқаруви мансабдор шахслари томонидан 2011–2018 йиллар давомида аҳоли эҳтиёжлари учун қолипли нон ишлаб чиқарилиши лозим бўлган жами 18,6 миллиард сўмлик ун ва дон маҳсулотлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Шунингдек, «Қорақалпоқ дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти мансабдор шахслари 2018–2019 йиллар давомида бир қопи 87,5 минг сўмдан сотилиши белгиланган 6 минг 134 қоп ун маҳсулотларини 110 минг сўмдан, жами 674,7 миллион сўмга сотиб, 138 миллион сўм пул маблағини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ун бозоридаги бундай воқеалар мазкур тизимнинг самарасиз эканлигини кўрсатди. Натижада ҳукумат бу соҳадаги ҳолатни яхшилаш ҳаракатларини бошлади. 2019 йил 15 октябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси қарори билан давлат ресурсларига қабул қилинган буғдойдан олинган ун очиқ биржа савдоларида барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз сотиладиган бўлди. Бошқача айтганда, буғдой нархи қўйиб юборилди, эндиликда давлат белгилаган қатъий нарх амал қилмайди.

Бу соҳада эркин бозорни шакллантириш учун 2017–2019 йилларда буғдойнинг давлат харид нархи 2,6 мартага оширилди. 2019 йилга келиб давлат ҳарид нархи ҳатто бозор нархларидан ошди. Яъни ҳукумат буғдойни тоннасига ўртача 1 миллион 420 минг сўмдан харид қилган бўлса, 2019 йил июнь–август ойларида республика бозорларида нарх 1,3–1,4 миллион сўм атрофида бўлган.

2019 йилнинг 15 октябридан эса давлат сотиб олган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун очиқ биржа савдоларида барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз сотила бошланди.

Янги тартиб ўрнатилгандан кейин дастлабки 6 ойда (2019 йил 15 октябрдан 2020 йил 15 апрелгача) биржа савдоларида 846 минг тонна буғдой сотилган бўлиб, бу мамлакатда йиллик ун ишлаб чиқариш ҳажмининг (1,6 миллион тонна) 53 фоизи дегани.

Юқоридаги ўзгаришларга қарамай, бу даврда биржа савдоларида ун нархининг кескин ошиб кетиши кузатилмади: 1 тонна уннинг бошланғич нархи ўртача 2 миллион 185 минг сўм атрофида бўлган ҳолатда ўртача 2 миллион 415 минг сўмдан сотилган. Масаланинг яна бир томони, дон нархлари эркинлаштирилиши фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ва ялпи ҳосилни оширишга бўлган интилишларини кучайтирди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, 2017–2019 йилларда ўртача ҳосилдорлик гектарига 57,8 центнердан 64,3 центнергача кўтарилган.

Шунингдек, ун маҳсулотининг эркин сотилиши ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасидаги рақобатни кучайтирди. Корхоналар бозорни «бериб» қўймаслик учун ун сифатини яхшилаш ва таннархини пасайтириш устида ишлашни бошлади. Мижозларга маҳсулотни етказиб бериш, қадоқлаш ва бошқа хизматларга талаб кучайди.

Ҳукумат ун нархининг эркинлаштирилиши аҳолининг камбағал қатламига салбий таъсир қилишини юмшатиш бўйича ҳам бир нечта чоралар кўрди. Хусусан, ун ва қолипли нон нархи эркинлашиши фонида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга кирувчи 10 та тоифадаги 3 миллиондан ортиқ аҳолига компенсация жорий этилди.

Лекин бошқа соҳалар каби коронавирус пандемияси бу соҳадаги режаларни ҳам ўзгартиришга мажбур қилди. Мазкур кутилмаган ҳолат оқибатида 2020 йил 16 апрелдан ун маҳсулотини биржада сотиш тўхтатилиб, 1-навли 1 килограмм уннинг чакана нархи қатъий 2 800 сўм ва 600 граммли қолипли ноннинг чакана нархи 1600 сўм миқдорида белгилаб қўйилди.

Нархларни сақлаб қолиш мақсадида давлат 2020 йил ҳосилидан буғдойнинг 1 тоннасини 1 миллион 550 минг сўмдан (бозор нархидан 350–400 минг сўм паст) харид қилди. Бу қарор эса ўз навбатида фермер хўжаликлари, дон корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналар молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатди.

Бу муаммони бартараф этиш учун эса ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат бюджетидан бир йилда 100 миллиард сўмга яқин компенсация тўлаб берилди. Шунингдек, ушбу амалиёт бўйича қайд этилган нархлар 2021 йил ҳосили учун ҳам сақлаб қолинди. Бу сафар ҳам фермерларнинг зарар кўриши инобатга олиниб, уларга 800 миллиард сўм маблағ ажратилди. Яна бюджет пулидан компенсация берилишидан мақсад — ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли айни пандемия даврида нонга бўлган талабини тўлиқ қондира олиши керак эди.

Пандемия бошида нархларнинг белгилаб қўйилиши нарх-навонинг маълум даражада барқарорлигини таъминлаган бўлса ҳам, кейинчалик бозорда ун нархи оша бошлади. Уннинг нархи қатъий белгиланган бўлишига қарамай, амалда арзон уннинг катта қисми бозор нархларида сотилиши кузатилди. Яъни бюджетдан молиялаштирилган арзон ун аслида нонга айланмай, бозорда бошқа импорт товарлар қатори юқори нархда сотилди. Негаки, бозор талаб ва таклифи автоматик равишда нархни оширишга имкон берарди.

2021 йил 25 ноябрь ҳолатига 1-навли 1 кг маҳаллий уннинг чакана нархи белгиланган чакана нарх 2 800 сўм бўлишига қарамай, ҳудудларда 4050 сўмдан 5400 сўмгачани ташкил қилди. Шунингдек, ҳудудларда (Тошкент шаҳридан ташқари) вазни 600 граммлик қолипли нон 1700 сўмдан 2600 сўмгача сотила бошлади.

Бу ердаги асосий муаммо — арзон ун фондини қолипли нон ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга тақсимлаш, қатъий белгиланган нон нархини назоратга олишда. Занжир шунчалик коррупцияга ботдики, бу ҳақда очиқ гапирувчи тадбиркорлар арзига муносабат ҳам бўлмаяпти.

Агар ҳозирги тизим сақланиб турса, 2022 йилда республикада етиштириладиган 1 тонна буғдойнинг биржа нархлари 2,7–2,8 миллион сўм атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда ва бунда 1 килограмм 1-навли уннинг нархи 4500–4600 сўмни ташкил этади. Бу нархда 600 граммли қолипли нон нархи бозор нархида 2600 сўмгача ошиши мумкин.

Аграр соҳадаги ҳалқаро экспертларнинг маълумотларига кўра, 2021 йилда ғалла нархлари ўзининг энг юқори даражасига етган ва агарда кескин қурғоқчилик юз бермаса, 2022 йилдан бошлаб нархларнинг барқарорлашуви ва пасайиши кутилмоқда. Яъни ҳосил яхши бўлиши, қўшни Қозоғистон ва Россияда ғалла экинида қурғоқчилик бўлмаслиги кутилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, ҳукумат эски, коррупцион ҳолатлар учун йўл очиб берувчи тизимни ўзгартириб, соҳада тўлиқ эркин бозор муносабатларини ташкил этиши керак.

Яна бир жиҳат шундаки, корхоналарга арзон нон етказиб бериши учун имтиёзли нархларда ун беришдан кўра, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлаш ҳам транзакцион харажатлар томонидан арзонга тушади, ҳам коррупцион ҳолатлар юзага келишининг олдини олади. Тўғридан-тўғри моддий ёрдам бериш учун эса яқинда яратилган «темир дафтар» тизимидан фойдаланиш мумкин.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади