Италиялик олимлар Ўрта Ер денгизи парҳези организмда коронавируснинг оғир шакли ривожланиши хавфини камайтириши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда «Medicine» журналида чоп этилган мақолада айтилди.

Фото: «MSF»

Маълум қилинишича, тадқиқотчилар Ўрта Ер денгизи парҳезининг коронавирус инфекцияси ривожланиш хавфига бўлган таъсирини кўриб чиққан. Таъкидланишича, Италия, Испания, Греция ва бошқа мамлакатлар аҳолиси томонидан Ўрта Ер денгизи парҳези давомида анъанавий равишда истеъмол қилинадиган озиқ-овқатлар саратон ва юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфини ҳам камайтиради.

Қайд этилишича, Ўрта Ер денгизи парҳезида бир нечта витаминлар, минераллар, ёғ кислоталари ва коронавирусга қарши потенциал фаолликка эга фитокимёвий моддалар мавжуд. Соғлом овқатланиш одатлари яллиғланиш ва иммунитет тизимига таъсир қилади ва SARS-CоV-2 коронавируси келтириб чиқарадиган оғир ўткир респиратор синдромга қарши ҳимоя таъсирига эга бўла олади.

Келтирилишича, Ўрта Ер денгизи парҳези сабзавот, мевалар, ёнғоқлар, дуккаклилар (нўхат, ловия ва ясмиқ), қайта ишланмаган зайтун мойи ва балиқларни ўз ичига олади.

Аввалроқ япониялик олимлар хурмо инсон организмининг коронавирус инфекциясига қарши курашига ҳисса қўшиши мумкинлигини маълум қилганди. Шунингдек, дунёда «омикрон» штамидан биринчи ўлим қайд этилганди.