Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Республика тармоқлараро саноат ярмаркасида Ўзбекистонда узилмайдиган қўшилган қиймат занжирларини яратиш кераклигини таъкидлади, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

«Биз таннархни камайтиришимиз ва узилмайдиган қўшилган қиймат занжирларини яратишимиз керак. Ҳозирги пост-ковид жараёнига ўтаётган бир пайтимизда бутун дунёда инвестициялар учун, технологиялар учун, маҳсулотини сотиш ва бозорлар учун рақобат авжига чиқаётган бир пайтда биз миллий иқтисодиётимизни рақобатбардош қилмоқчи бўлсак, таннархни камайтириш, узилмайдиган қўшилган қиймат занжирларини яратиш ва энг муҳими бозорбоп, рақобатбардош, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариб, бу маҳсулот билан ҳам ички бозоримизни таъминлашимиз, ҳам ташқи бозорга уларни етказиб беришимиз лозим», — деган вазир.

Гап шундаки, товар ё хизматлар реализациясида қўшилган қиймат тизимида барча нарса бир-бирига боғлиқ бўлиб, солиқ имтиёзларини тақдим этиш занжирнинг «узилиши»га олиб келади. Одатда товар ё хизматлар нархини барқарор ушлаб туриш мақсадида ҚҚС имтиёзи тақдим этилиши самара бермайди. Бу ҳақда аввалроқ молиячи Абдулла Абдуқодиров «Bugun.uz» журналисти билан суҳбатда тўхталиб ўтган эди.

«Математикада корреляцион-регрессион анализ деган тушунча бор. Бу орқали ҳар бир омилнинг кўрсаткичга бўлган таъсир тоши, яъни қийматини кўриш мумкин. Шу қийматни кўрадиган бўлсак, солиқлар таъсири жуда паст. Озиқ-овқат маҳсулотларига келганда тўғридан-тўғри коррелация йўқ. Масалан, кимё ўғитларига солиқни йўқ қилганингиз билан уни ишлаб чиқаришда фойдаланилган газдан олинадиган солиқ жойида турибди.

Бутун занжир бўйича ҳамма нарсани қўшилган қиймат солиғидан озод қила олмайсиз. Чунки бу бутун иқтисодиётни мазкур солиқдан озод қилиш билан баравар бўлиб қолади. Биринчидан, бу бюджетга тўғри келмайди. Иккинчидан эса бунинг оқибатида бутун бошли солиқ сиёсатини ва бу орқали бюджетни қайта кўриб чиқишга тўғри келиб қолади», — деган ўшанда иқтисодчи.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бир неча бор ҚҚСдан озод қилиш амалиёти қўлланилган. Масалан, 2021 йил 10 октабрдан 31 декабргача гўшт, балиқ, картошка маҳсулотлари, 2021 йил 1 майдан 31 декабргача эса ўсимлик ёғини олиб кириш ҚҚСдан озод қилинган.