Электрон тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорларга қулайлик яратиш учун Тошкент шаҳрида, Андижон вилоятининг Асака туманида, Бухоро вилоятининг Вобкент туманида ва Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 4 та логистика маркази қурилиши бошланди. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳмадов маълумот берди.

Фото: «Боштранслойиҳа» АЖ ахборот хизмати

Таъкидланишича, қурилиш ишларини йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. 

«Мазкур логистика марказлари, энг аввало, интернет-савдо майдончалари эгаларига ўз маҳсулотларини сақлаш, яъни омборхона муаммосини ҳал этади ҳамда интернет-савдо майдонча орқали харид қилинган маҳсулотларни шу ернинг ўзида қисқа муддат ичида қадоқланиб, мижозларга етказиб бериш имкониятини беради», — деди Шерзод Аҳмадов. 

Аввалроқ бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ўзбекистонда «Очиқ рақамли экотизим» ахборот тизимлари мажмуаси ичида марказлаштирилган логистика тизими яратилиши ҳақида маълум қилган. Ушбу тизим Президентнинг Рақамли трансформация маркази негизида ишга тушириладиган «Очиқ рақамли экотизим» доирасида яратилади.