Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва реализацияси учун қўшимча қиймат солиғидан (ҚҚС) берилган имтиёзлар муддати узайтирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, депутат бюджет лойиҳаси муҳокамаси доирасида 2022 йилда инфлация даражасини 2021 йилга нисбатан пасайтириш, аҳолининг харид қобилиятини ошириш ва энг асосийси, истеъмол таркибидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш мақсадида ҳукумат вакилларидан озиқ-овқат маҳсулотлари учун йил охиригача берилган ҚҚС имтиёзлари муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқишни сўраган.

Парламентга 23 декабрь куни ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасида айнан шу таклиф инобатга олиниб, йил охиригича берилган имтиёзлар муддати яна 4 ой муддатга чўзилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасига асосан 2022 йил 30 апрелга қадар қуйидагилар ҚҚСдан озод қилинади:

  • Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
  • ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;
  • гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш.

«Ўйлайманки, ҳукумат томонидан кўрилаётган ушбу фискал чоралар бозорларимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини нафақат барқарор сақлашга, балки уларни пасайтиришга ҳамда аҳолини ушбу маҳсулотларга бўлган талабини тўлақонли қондиришга хизмат қилади.

Қолаверса, гўшт, ёғ ва картошка маҳсулотлари аҳоли истеъмол саватчаси таркибида юқори вазнга эга эканлиги инобатга олинса, ушбу маҳсулотлар нархларининг барқарор сақланиши ўз навбатида бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини пасайтиришга ижобий таъсир қилади.

Умид қиламанки, мазкур қонун лойиҳаси келгуси парламент ялпи йиғилишида депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланади ҳамда Сенатга юборилади», — деб ёзади Дониёр Ғаниев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш, ишлаб чиқариш ва реализациясида қўшилган қиймат солиғини бекор қилиб, имтиёз 2021 йил 31 декабргача амал қилишини таклиф этганди. Ушбу таклиф асосида Солиқ кодексига ўзгартиш киритилган, парламент тасдиқлаган ва Президент қонунни имзолаган.