Истеъмолчига товар (иш, хизмат), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши мажбурияти қўйилмоқда. Бу борада «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланди, деб хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қонунга кўра, истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтаришда товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, пулни қайтариш ҳам худди шундай шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда. Яъни қўшимча товарлар таклиф этиш (сақич, гугурт ёки бошқалар)га йўл қўйилмайди.

Шунингдек, сотувчига ҳақ тўлаш шаклига қараб (нақд ва нақд пулсиз), товарнинг айни бир маркаси (модели, артикули), шунингдек, бир хил ҳажмдаги ва сифатдаги ишлар, хизматлар учун ҳар хил нарх (тариф) белгилаш тақиқланмоқда.

Истеъмолчининг мақбул сифатли товарни алмаштириб беришга ёки қайтариб олишга доир талаби, агар товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган бўлса ва истеъмолчи товарни ушбу сотувчидан сотиб олганига оид асосга эга бўлса, қаноатлантирилиши ўрнатилмоқда.

Бундан ташқари, товарларни масофадан туриб ва ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ҳам жорий этилмоқда. Бунда сотувчи истеъмолчига шартнома тузилгунга қадар товар ёки уни етказиб бериш тартиби ва бошқа шартлар тўғрисида маълумотларни тақдим этиши керак. Сотувчи истеъмолчига белгиланган муддатда тўланган суммани қайтармаган тақдирда, ҳар бир кун учун товар нархининг 1 фоизи миқдорида пеня тўлайди, товарни қайтариш билан боғлиқ барча харажатларни эса ўз зиммасига олади.

Маълумот учун, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига 2021 йилнинг I чорагида истеъмолчилардан 2889 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 2674 таси ижобий ҳал қилинган ва истеъмолчилар фойдасига 6 038 398 926 сўм ҳисоб-китоб қилинган. Эътибор тортадиган томони, мурожаатларнинг 1109 таси айнан (38,4 фоиз) савдо соҳасига оид.