Ўзбекистонда ноябрь ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархлари октябрь ойига нисбатан 1,2 фоизга ўсди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертларининг кўчмас мулк бозори фаоллик даражаси ва иккиламчи бозорда ипотека кредитларининг мавжудлиги бўйича таҳлилида баён этилган.

Фото: «Bugun.uz»

Марказ таҳлилига кўра, умумий ҳисобда кўчмас мулк бозорида ўсиш кузатилмоқда. Эскпертлар бу мамлакат аҳолисининг харид қобилияти тикланаётганидан далолат беришини таъкидлаган. Шунингдек, марказ экспертларининг ҳисоб-китоблари ипотека асосида уй-жой сотиб олишга лаёқатли аҳоли улуши 26 фоизни ташкил этишини кўрсатган.

Бундан ташқари, таҳлилда 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 22,5 мингта шартнома тузилгани, бу кўрсаткич сентябрь ойига нисбатан 4 фоизга (21,6 минг) кўплиги қайд этилган. Мазкур кўрсаткич 2020 йил (14,4 фоиз) ва 2019 йилнинг (40,6 фоиз) ноябрь ойларига нисбатан кескин ўсган. Мутахассислар бу уй-жой бозорида талабнинг ҳали ҳам жуда баландлигини кўрсатишини айтган.

Шартнома тузилиши бўйича энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (22,9 фоиз), Наманган (17,3 фоиз), Хоразм (14,3 фоиз) вилоятларида кузатилган бўлса, Андижон (14,1 фоиз), Самарқанд (6,6 фоиз) ва Тошкент (3,7 фоиз) вилоятларида камайиш кузатилган.

Иккиламчи бозорда уй-жой нархлари ноябрь ойида октябрь ойига нисбатан ўртача уй-жой нархлари 1,2 фоизга ўсган. Нархларда энг катта ўсиш Тошкент (3,2 фоиз), Самарқанд (3,1 фоиз) ва Хоразм (3 фоиз) вилоятларида кузатилган. Навоий вилоятида эса (-1,4 фоиз) уй-жой нархлари аксинча пасайган.

Шаҳарлар кесимида энг қиммат нархлар Тошкент (1 квадрат метр учун 753 доллар), Самарқанд (553 доллар) ва Навоий (418 доллар) шаҳарларида, нисбатан пастроқ нархлар эса Нукус (277 доллар), Қарши (289 доллар) ва Гулистон (289 доллар) шаҳарларида қайд этилган.

Тошкентда октябрга нисбатан иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 1,3 фоизга ўсган. Нархлардаги энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (3,5 фоиз) ва Миробод (3,2 фоиз) туманларида кузатилган. Пастроқ ўсиш суръати Учтепа (0,1 фоиз), Бектемир (0,7 фоиз) ва Яшнобод (-0,6 фоиз) туманларида кайд этилган.

Марказ бундан ташқари уй-жой харид қилишда ипотека кредити олишга лаёқатли аҳоли улушини ҳисоблаб чиққан. Унда 62 квадрат метр майдонли уйни харид қилишда оила даромадининг ипотека кредитига йўналтирадиган қисми 50 фоизгача, кредит муддати 20 йил ва бошланғич тўлов бадали 30 фоиз деб ҳисобланган.

Натижаларга кўра, Самарқанда (13 фоиз), Наманган (19 фоиз) вилоятлари ва Тошкент (15 фоиз) шаҳрида уй-жой нархларининг баландлиги туфайли ипотека асосида уй-жой сотиб олишга имконияти бор хонадонлар улуши паст.

Фарғона (35 фоиз), Қорақалпоғистон (33 фоиз) ва Навоийда эса (32,9 фоиз) ипотека шартлари асосида уй-жой харид қилиш имконияти бошқа ҳудудларга нисбатан юқори.

Ҳисоб-китобларга кўра, республика бўйича ипотека кредити асосида уй-жой харид қилишга лаёқатли аҳоли улуши 26 фоизни ташкил этган. Статистик маълумотларга кўра, 2021 йил январь-ноябрь ойларида жисмоний шахсларга ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 8 трлн сўмни ташкил этган. Шунингдек, янги тартиб асосида ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга Молия вазирлиги томонидан ажратилган ресурслар ҳамжи 3 баробарга ошиб, 3,9 трлн сўмга етган (2020 йилда 1,3 трлн сўм бўлган).