Икки марта эмланганидан кейин коронавирус билан касалланган одамлардаги иммунитет бошқаларникига қараганда кучлироқ бўлиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Journal of the American» хабар берди.

Фото: «Bloomberg»

Маълум қилинишича, бу бўйича тадқиқот ўтказган америкалик мутахассислар икки марта эмланганидан кейин коронавирус билан касалланган одамлардаги антитаначалар бошқаларникига қараганда тахминан 1000–2000 фоиз юқори бўлишини аниқлаган.

Таъкидланишича, Орегон университети олимлари эмланган ва айни пайтда коронавирус билан касалланган 26 нафар беморни касал бўлмаган, аммо эмланганлар билан солиштирган. Тадқиқот натижалари эмлашдан кейин инфекцияланган бир гуруҳ одамлар организмида жуда кўп миқдорда антитаначалар мавжудлигини кўрсатган. Тадқиқот муаллифи Фикаду Тафессе айрим ҳолатларда кўрсаткичлар деярли «супер иммунитет» даражасига етганини таъкидлаган.

Ҳозирча тадқиқотда қатнашган одамлар қайси турдаги коронавирусни юқтиргани маълум эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашича, узоқ муддатли натижа вируснинг бутун дунё бўйлаб янада тарқалиш хавфини сезиларли даражада камайтириши мумкин.

Аввалроқ британиялик олимлар ковидга қарши «махсус» иммунитети бор касб эгаларини аниқлаганди. Шунингдек, олимлар эмланишдан кейин ножўя таъсир юзага келишига нима сабаб бўлишини очиқлаганди.