Иброҳим Жунусов Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Қирғизистон ТИВ

Таъкидланишича, президент Садир Жапаров бу бўйича тегишли фармонни имзолаган. Аммо лавозимдан озод этиш сабаблари келтирилмаган. Маълумот учун, Жунусов бу лавозимда уч йилдан буён ишлаб келаётган эди. Ундан олдин у Туркияда Қирғизистон дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган.

У 1961 йил 13 майда Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув туманида туғилган. Ўш давлат педагогика институти мусиқа факультетини тамомлаган.

Эслатиб ўтамиз, Жунусов 2018 йил 5 декабрь куни Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланганди.