Қозоғистон Сенати (парламент юқори палатаси) 23 декабрь куни ўлим жазосини бекор қилиш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда парламент сайтида онлайн намойиш этилган сессия жараёнига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Московский комсомолец»

Маълум қилинишича, ўзгартиришлар республика Жиноят кодексининг барча моддаларидан ўлим жазосини чиқариб ташлашни кўзда тутган. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар БМТ Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактининг ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган иккинчи факультатив протоколига мувофиқ ишлаб чиқилган. Қозоғистон ушбу протоколни 2021 йил январь ойида ратификация қилган.

«Ўлим жазоси Жиноят кодексидан алоҳида жазо чораси сифатида бутунлай чиқариб ташланди. Ўзгартиришлар Жиноят кодексининг амалдаги таҳририда, ўлим жазосини ўз ичига олган санкцияларни истисно қилади», дейилади хабарда эндиликда энг оғир жазо умрбод қамоқ жазоси бўлиши қўшимча қилинган ҳолда.

Таъкидланишича, Қозоғистонда ўлим жазосининг тўлиқ бекор қилиниши миллий қонунчиликни халқаро-ҳуқуқий мажбуриятлар билан уйғунлаштиришга, инсон ҳуқуқлари ва энг олий конституциявий қадрият – яшаш ҳуқуқи кафолатини таъминлашга ёрдам беради. Сенат томонидан ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан кейин Қозоғистон президентига имзолаш учун юборилади.

Қозоғистоннинг амалдаги Жиноят кодексида 17 та модда бўйича ўлим жазоси назарда тутилган. Бундан ташқари, барча ҳолларда судда умрбод қамоқ жазоси кўринишидаги муқобил жазо ҳам мавжуд. Ҳозирда республикада ўлим жазосига мораторий жорий қилинган. 2003 йил 17 декабрда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар жазони ижро этишга муддатсиз мораторий жорий этилишини эълон қилган. Фармон 2004 йил 1 январдан кучга кирган.

Аввалроқ Қозоғистонда фақат бир ҳолат учун ўлим жазосини қолдириш таклиф қилинганди. Шунингдек, мамлакатда итлар жанги тақиқланиши ҳақида хабар берилганди ҳамда мамлакатда ит ва мушукларни ейиш тақиқланиши мумкинлиги айтилган.