Россия президенти Владимир Путин 23 декабрь куни йиллик катта матбуот анжуманини ўтказди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «RT»

Маълум қилинишича, президент журналистлар билан Москвадаги «Манежи» савдо ва кўргазма марказида учрашган. Давлат раҳбари жараёнда коронавирус, газ нархи ошиши, Украина билан вазиятнинг кескинлашуви ва бошқа кўплаб саволларга жавоб берган. Шунингдек, Россиянинг хавфсизлик кафолатлари, NATO’нинг шарқда кенгайиши ҳамда ички муаммоларга ҳам тўхталиб ўтган.

Хавфсизлик билан боғлиқ масала ҳақида гапирар экан, Путин барча ҳаракатлар мамлакат хавфсизлигини таъминлашга боғлиқ бўлишини айтган. «Бизнинг остонамизга ракеталарни қўяётган АҚШ. Канада ва АҚШ чегарасида ёки Мексика билан чегарада ракета ўрнатганимизда, америкаликлар қандай муносабатда бўларди?», — дея қайд этган Путин.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Россия 1990 йиллардаги NATO Шарққа «кириб бормаслиги» ҳақидаги ваъдаларга ишонган. «NATO кенгайишининг бешта тўлқини. Руминия ва Польшада ракета тизимлари пайдо бўлмоқда. Нима, биз бордикми? Аксинча, улар келишди», — деган Путин.

Қайд этилишича, матбуот анжумани давомида президентга Украина борасида ҳам савол берилган. Путин британиялик журналистнинг Украинага «ҳужум қилиш эҳтимоли» ҳақидаги саволига Россия ҳеч кимга таҳдид қилмаслигини айтган ва «Украинани Совет Иттифоқи тузилаётган пайтда Ленин яратган», — дея таъкидлаган.

Бундан ташқари, Путин матбуот анжумани давомида Россия ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳам гапириб, «Лукашенка осон музокарачи эмас. Айни дамда иттифоқ қуришнинг асосий вазифаси — солиқ ва божхона тизимларини синхронлаштириш», — деган.

Жараён давомида Украина билан мунозараларга сабаб бўлаётган Донбасс борасида ҳам савол берилган. Путин бунга жавобан Донбасснинг келажагини Донбасс аҳолисининг ўзи белгилаши кераклигини, Минск келишувларига кўра, Украина минтақанинг автономлигини таъминлаши, сайловлар ўтказиши ҳамда амнистия эълон қилишга мажбур эканини қайд этган.

«Бунинг ўрнига Киев нима қиляпти? Сайлов ўрнига ҳарбий бошқарув, амнистия ўрнига лустрация қўлламоқда, шунингдек, улар қўшинларни доимий жойлаштириш жойларига қайтариш зарурлиги ҳақида гапирмоқда. Бу, аслида, қўшинларнинг киритилиши», — дейди Путин.

Давлат раҳбари матбут анжуманида, шунингдек, Ғарбнинг Қримга қарши санкциялари ҳақида ҳам гапирган.
Унинг сўзларига кўра, Ғарбда геосиёсий масалалар худди шундай ҳал қилинади. «Агар кимдир Қрим босиб олинган деб ҳисобласа, демак, қримликлар агрессия қурбони, нега улар қўшимча жазоланиши керак? Ва агар улар Россияга ўз ихтиёри билан қўшилган бўлса, бу демократиянинг намоён бўлишидир. Кимдир демократияга қарши курашяптими?» — дейди Путин Россия Қримдаги сув таъминоти, шунингдек, аҳоли даромадлари, нархлар даражаси ва мобил алоқа билан боғлиқ муаммоларни босқичма-босқич ҳал қилишини қўшимча қилган ҳолда.

Путин деярли 4 соат давом этган катта матбуот анжуманида Афғонистон муаммосига алоҳида тўхталиб ўтган. Унинг қайд этишича, Афғонистонга бу давлатни 20 йилдан бери вайрон қилаётганлар ёрдам бериши керак. Аввало, Қўшма Штатлар ўз банкларидаги афғон ҳисобларини музлатишдан чиқариши, гуманитар ёрдам кўрсатиши лозим, акс ҳолда, у ерда очарчилик бошланади. Бу бутун минтақага таъсир қилади.

«Умуман олганда, Афғонистондаги вазият Россияни хавотирга солмоқда. Бозордаги афюннинг 90 фоизи афғондан. Россия Марказий Осиё республикалари билан очиқ чегараларга эга, турли хавфларнинг кириб келиш ҳолати мавжуд. Янги ҳукуматни тан олиш эса ҳақиқатга асосланиши керак. Ҳокимиятдаги барча этник гуруҳларнинг вакилларигина вазиятни барқарорлаштиради», — дея жавоб берган Путин бу борадаги саволга.

Россия раҳбари матбуот анжумани давомида газ борасида Европа Иттифоқи расмийларини узоқ муддатли шартномалардан бош тортишни эълон қилгани учун танқид қилган ва «Европа Комиссияси бизга бозорни тартибга солишини айтди. ‘Чиндан ҳам тартибга солдиʼ — 2 минг долларга газ», — дея таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, «Газпром» контрагентлар сўраган газнинг бутун ҳажмини етказиб бермоқда. Бу дунёда экспортга газ етказиб бериш ҳажмини оширган ягона компаниядир.

Путин коронавирус ҳақида гапирар экан, бутун дунё вакциналарнинг ўзаро тан олиниши ва уларнинг глобал тарқалишига муҳтож эканини айтган. Президент бусиз пандемияга қарши туриш мумкин эмаслигини айтган. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, коронавируснинг янги тўлқинлари вируснинг мутацияга учрашидан келиб чиқади, соғлиқда муаммолари бўлган жойда янги штаммлар ҳам пайдо бўлаверади.