10:29 | 23.12.21 18

Янги йил арафасида барча йўловчи поездларига қўшимча вагон уланади

Шунингдек, Тошкент–Бухоро йўналишида қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилади

Янги йил байрами муносабати билан барча йўловчи поездларига қўшимча вагон уланадиган бўлди. Бу ҳақда «Ўзтемирйўлйўловчи» ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 27 декабрдан 2022 йил 9 январгача Тошкент–Бухоро–Тошкент йўналишида «Афросиёб» замонавий поездларининг қатнови йўлга қўйилади. Ҳозиргача фақат ҳафтанинг жума, шанба ва якшанба кунлари соат 09:02 да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳаракатини амалга ошириб келаётган замонавий поезд 27 декабрдан 2022 йил 9 январгача ҳар куни соат 09:02 да қатновни амалга оширади.

Шунингдек, ҳар куни соат 15:02 да Бухоро–Тошкент йўналишида қатнов йўлга қўйилади. Ушбу поездлар Самарқанд, Навоий темир йўл вокзалларида ҳам тўхтаб ўтади. Бундан ташқари, байрам кунлари барча йўловчи поездларига қўшимча вагонлар ҳам уланади.

Аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» чипталарга чегирма эълон қилгани ҳақида хабар берилганди.