Жанубий Кореянинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун қамоқ жазосини ўтаётган собиқ президенти Пак Кин Хе 31 декабрда афв этилади. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлигига таяниб, «Yonhap» хабар берди.

Фото: «Yonhap»

Маълум қилинишича, Жанубий Корея ҳукуматининг Янги йил байрами муносабати билан бир қатор шахсларни афв этиш, жазони енгиллаштириш ва ваколатларини тиклаш масалалари бўйича навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган. Учрашувда собиқ президент Пак Кин Хенни афв этиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

«Ҳукумат 24 декабрь куни 2022 йил бўсағасида 31 декабрда 3094 кишини, жумладан, собиқ президентни афв этиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди. Фуқароларни бирлаштириш учун мамлакатнинг собиқ президенти — узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган Пак Кин Хени афв этиш ва ҳуқуқларини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди», дейилади департамент баёнотида.

Бош вазир Ким Бу Гёмнинг айтишича, гуманитар нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда афв этиладиганлар орасида кексалар ёки оғир касаллар каби шароитда бўлган маҳкумлар ҳам бор. Жорий афв этиш фуқароларни Янги йил олдидан ва давом этаётган коронавирус пандемиясининг оғир шароитларида бирлаштириши керак.

Маълумотларга кўра, собиқ президент 2021 йилда сурункали елка ва бел касалликлари туфайли уч марта касалхонага ётқизилган. Тахминларга кўра, унинг соғлиғи афв этилишига сабаб бўлган.

Пак Кин Хе 2017 йилнинг март ойида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва порахўрлик айбловлари туфайли лавозимидан четлаштирилган. У дугонаси Чой Сун Сил билан тил бириктирганликда, «Samsung» ва «Lotte» каби йирик конгломератларни ушбу назорат остидаги фондларга 77,4 миллиард вон хайрия қилишга мажбурламоқчи бўлганликда айбланган. Собиқ президент ва унинг ёрдамчилари, шунингдек, мамлакат Миллий разведка хизматининг уч собиқ раҳбаридан 3,5 миллиард вон олганликда ҳам гумонланган.

Аввалроқ Жанубий Корея разведкасининг собиқ раҳбари 9 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Шунингдек, мамлакатда президентликка номзод билан боғлиқ можаро юзага келганди ҳамда мамлакат президенти давлат корпорацияси ходимлари билан боғлиқ коррупция сабаб кечирим сўраган.