Туркия ва Қатар компаниялари Кобул халқаро аэропортини биргаликда бошқаришга келишди. Бу ҳақда Туркия дипломатик доираларидаги манбаларига таяниб, «Anadolu» хабар берди.

Фото: «Latin Times»

Манбанинг сўзларига кўра, яқинда Анқара ва Доҳа Афғонистон пойтахтидаги ҳаво бандаргоҳининг ишлашини муҳокама қилган.

Таъкидланишича, ўтказилган музокаралар натижасида икки давлат компаниялари рўйхати аниқланиб, уларга масалани таҳлил қилиш ва ўзаро англашув меморандумини имзолаш топширилган. Ушбу ҳужжатни имзолаш маросими 2021 йил 7 декабрь куни Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлининг Доҳага ташрифи доирасида бўлиб ўтган.

«Келишувга мувофиқ, Кобул аэропорти бошқаруви ҳаракатларини мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қилиш учун Туркиядан ишчи гуруҳ Доҳага ташриф буюрди», деди агентлик манбаси. Доҳадаги музокаралардан сўнг Туркия–Қатар делегацияси 23 декабрь куни Афғонистон муваққат ҳукумати билан аэропортнинг ишлашини муҳокама қилиш учун Кобулга йўл олган.

Делегация Афғонистон томонининг ушбу масала бўйича позициясини ўрганади, шундан сўнг йиғилган барча маълумотларни таҳлил қилинади.  Туркия ва Қатар расмийлари ҳозирча бу борада расмий баёнот бермаган.

Аввалроқ Бирлашган Араб Амирликлари «Толибон» ҳаракати билан Кобул халқаро аэропортини бошқариш бўйича музокаралар олиб бораётгани маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Кобул аэропортини қайта номлаганди.