Президентнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан «Ўзбекистон тиббиёти — Инсон қадри учун» мавзусидаги мулоқоти бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. «Bugun.uz» мухбири мулоқот олдидан етакчи мутахассислардан тузилган штаб таркибидаги Сall-марказ фаолияти ва келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили билан танишди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг сўзларига кўра, 1295 қисқа рақамли Сall-марказга 23 декабрь кунига қадар жами 2558 та мурожаат келиб тушган. Шундан 74 фоизи ўз ечимини топган бўлса, 26 фоизи ижро жараёнида. Қолаверса, малака ошириш, шошилинч тиббий ёрдам, ўрта махсус тиббий таълим, юридик хизмат, соғлом турмуш тарзи, давлат хусусий шерикчилик йўналишлари бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар қабул қилинган.

Таъкидланишича, мурожжатларнинг асосини тез тиббий ёрдам хизмати, ихтисослашган марказлар фаолияти, илм-фан, олий тиббий таълим, санитария-эпидемиология хизмати, фармацевтика, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоя, хусусий тиббиёт каби йўналишлар ташкил қилган.

«Ҳозирга қадар фармацевтика йўналишида келиб тушган 59 та мурожаатнинг 50 таси ижобий ечимини топди. Қолган 9 таси бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мурожаатларнинг асосий қисми хусусий дорихоналар очиш ва дорихонани жиҳозлаш масаласидаги талаблардан иборат.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, аксар мурожаатчилар дори воситаси деб тушунаётган биологик фаол моддаларнинг телеканаллардаги рекламаси ва уларнинг назорати бўйича савол йўллаган. Ҳақиқатан ҳам, кўп телеканалларда билогик фаол моддалар дори воситаси сифатида тарғиб қилинмоқда», — деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги давлат марказининг Наркотиклар назорати қўмитаси раиси Исмат Азизов.

Таъкидланишича, мурожаатларнинг катта қисми Тошкент шаҳри, Қашқадарё ҳамда Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, айни пайтда ижро жараёнидаги масалаларнинг 58 фоизи бирламчи тиббий ёрдам йўналишига оид ҳисобланади. Ҳудудлар кесимида эса уларнинг 22 фоизи Наманган ва Андижон вилоятларига, қолган 78 фоизи эса республикамизнинг бошқа ҳудудлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда ковиддан вафот этган тиббиёт ходимлари хотирасига хиёбон ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасига йўналтирилган маблағ 2 баробарга оширилишини айтганди.