АОКАда 24 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари «Яшил макон» дастури доирасида қанча кўчат экилгани тўғрисида маълумот берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, 23 декабрь ҳолатига кўра, республика бўйича 82 миллион 273 минг дона кўчат экилган. Бу кўрсаткич режага нисбатан 109,7 фоизни ташкил этган. Ҳудудлар кесимида режа қуйидагича бажарилган:

  • Қорақалпоғистон республикасида — 120,8 фоиз;
  • Андижон вилоятида — 117,2 фоиз;
  • Бухоро вилоятида — 113,3 фоиз;
  • Жиззаҳ вилоятида — 105 фоиз;
  • Қашқадарё вилоятида — 112,4 фоиз;
  • Навоий вилоятида — 103,4 фоиз;
  • Наманган вилоятида — 103,5 фоиз;
  • Самарқанд вилоятида — 95,6 фоиз;
  • Сурхондарё вилоятида — 103,8 фоиз;
  • Сирдарё вилоятида — 108,6 фоиз;
  • Тошкент вилоятида — 120 фоиз;
  • Фарғона вилоятида — 118,3 фоиз;
  • Хоразм вилоятида — 104,5 фоиз;
  • Тошкент шаҳрида — 100 фоиз.

Қайд этилишича, қўмита марказий аппарати ва ҳудудларда кўчат экилган майдон, уни эккан ва тасарруфига олган субъект, суғориш тизими, фотосурат ва жойлашув локациясини ўз ичига олган «yashilmakon» ягона электрон базаси шакллантирилиб, жами 28 нафар мутахассис унга бириктирилган.

Келтирилишича, шу кунга қадар тизимга 58 миллион 815 минг 66 дона экилган турли манзарали ва мевали дарахт кўчатлари киритилган. «yashilmakon» платформаси ва мобил иловаси тақдимоти 25 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтиши айтилди.

Аввалроқ Ўзбекистондаги 12 та туман ҳокими кўчат экиш ишлари бошланмагани учун қатъий огоҳлантирилганди. Шунингдек, Жиззах вилояти Мирзачўл туманида йўл четига экилган 75 туп дарахтнинг таги бетонлаб ташланганди.