АҚШ разведкаси ва сунъий йўлдош тасвирлари Саудия Арабистони Хитой ёрдамида ўзининг баллистик ракеталарини ишлаб чиқаётганини кўрсатди. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

Фото: «The Arab Weekly»

Маълум қилинишича, Американинг «Planet» сунъий йўлдоши ракеталарнинг синов учирилиши 2021 йил 26 октабрдан 2 ноябргача Давадми шаҳри яқинидаги объектда амалга оширилганини аниқлаган.

Мутахассисларнинг фикрича, бу корхона мамлакатда баллистик ракеталар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилганининг биринчи аниқ далилидир. Бу факт Саудия Арабистонининг минтақавий асосий рақиби Эроннинг ядровий амбицияларини жиловлаш бўйича АҚШ маъмурияти фаолиятини жиддий равишда мураккаблаштириши мумкин.

Фото: «CNN»
Фото: «CNN»

Келтирилишича, Саудия Арабистони ўз технологиялари ва ишлаб чиқариш қувватига эга бўлмагани учун аввалроқ Хитойдан баллистик ракеталарни харид қилган. АҚШнинг билдиришича, Саудия Арабистони ўз ракеталарини ишлаб чиқаришни бошласа, Теҳрон баллистик ракеталарни ишлаб чиқаришни тўхтатишга рози бўлмайди.

Аввалроқ Саудия Арабистони ҳаво мудофааси кучлари мина ўрнатилган учувчисиз қурилмани йўқ қилганди. Шунингдек, Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муаммони ҳал қилиш учун саммит ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.