Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Биринчи хабаримиз қорсеварларга! Дам олиш кунлари айрим ҳудудларда қор ёғиши мумкин, лекин водий бундан мустасно (бизни кечиринг, водийлик қорсеварлар).

Фото: «Bugun.uz»

«Ўзгидромет» хизмати 25 декабрь куни республиканинг барча ҳудудларига совуқ антициклон кириб келишини ва натижада Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятининг баъзи жойларида қор ёғиши мумкинлигини маълум қилди.

Шу куни Бухоро, Навоий вилоятларида ёмғир қорга айланиши мумкин. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда ёмғир ёғади.

Якшанба куни мамлакатнинг барча ҳудудларида ёмғир қорга айланиши кутилмоқда. Шимолда ёғингарчилик тўхтайди. Бундан ташқари, марказ Қамчиқ довонида қор ёғиши, кўринувчанлик 50 метргача чекланишини билан боғлиқ шторм огоҳлантириш эълон қилди. Энди асосий хабарларга ўтамиз.

«UzAuto Motors» ўз «Tracker» автомобилини ишлаб чиқармоқчи. Ҳозирда унинг синов вариантлари чиқарилган.

«UzAuto Motors» компанияси 2022 йил ёзи ўрталарида янги «Tracker» автомобилининг кичик узелли йиғишини бошлашни режалаштирмоқда.

Фото: «Автостраdа»

Асакадаги автозаводда машиналарнинг синов вариантлари ишлаб чиқарилган. «Ҳозирда конвейерни жойлаштириш ва автомобилларни синовдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда», дея қайд этган компания.

Автомобиль модели Global Emerging Markets (GEM) ягона бюджет платформасида кичик узелли йиғиш услубида ишлаб чиқарилади. Маҳаллийлаштириш даражаси камида 50 фоиз бўлиши кутилмоқда. «Бироқ биз бу кўрсаткични оширамиз», дейилади хабарда.

Ишлаб чиқариш ҳажмининг йилига энг камида 80 минг дона автомобиль даражасида бўлиши режалаштирилган. Аммо компания мазкур модель маҳаллийлаштирилгандан сўнг нарх борасида ўзгариш бўлиши ҳақида гапириш эрталигини айтган.

Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни МДҲ давлатлари раҳбарлари билан учрашиш учун Россияга боради. Бу уларнинг анъанавий норасмий йиғилиши.

Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан 28 декабрь куни Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг анъанавий норасмий учрашуви бўлиб ўтади. Унда қатнашиш учун Шавкат Мирзиёев ҳам боради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Ўзбекистон раҳбаридан ташқари Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўкаев, Республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовлар иштирок этади.

Телеканалларда реклама жойлаштиришга ажратилган вақт бир бараварга кўпайтирилади.

Телерадио ташкилотлари учун реклама жойлаштиришга ажратилган вақт ҳар бир соатига амалдаги 10 фоиздан 20 фоизга узайтирилиши кутилмоқда. Амалдаги тартиб билан телерадио ташкилотлар эфир учун соатига 6 дақиқадан реклама бераётган бўлса, энди 12 дақиқагача бериши мумкин.

Фото: «Deposit Photos»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси 2-ўқишда кўриб чиқилди. Медиа ташкилотларда эфир вақтида реклама жойлаштириш учун ажратилган оралиқни кўпайтириш айнан шу лойиҳада назарда тутилган.

Шунингдек, ноаниқликларга олиб келган «ахлоқсиз реклама», «уйғунлаштирилган реклама», «хомийлик рекламаси» каби айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда ва янги тушунчалар қўшилмоқда.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ўзи кўп бўлган, энди янада кўпаядиган рекламаларга атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бошқа хабарлар пунткларда:

  • Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида музлатиб қўйилган маблағлардан 70 миллион долларга яқини унинг «Takilant» компаниясига қайтарилади;
  • МИБ томонидан 2021 йилда 21,7 трлн сўм маблағ ундирилди;
  • Ўзбекистон январь–ноябрь ойларида хориждан 2,6 миллион дона телефон импорт қилди.

Хўш, оламда нима гап?

Жанубий Кореяда 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ президент афв этилади.

Жанубий Кореянинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун қамоқ жазосини ўтаётган собиқ президенти Пак Кин Хе 31 декабрда афв этилади.

Фото: «Yonhap»

Жанубий Корея ҳукуматининг Янги йил байрами муносабати билан бир қатор шахсларни афв этиш, жазони енгиллаштириш ва ваколатларини тиклаш масалалари бўйича навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтган. Учрашувда собиқ президент Пак Кин Хенни афв этиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

Собиқ президентнинг қамалиш тарихи ҳақида бу ерда батафсил ўқишингиз мумкин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.