Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати агентлари ва расмийлари жосуслик агентлигининг собиқ раҳбари Йоси Коэнни текширув ишларидан сўнг танқид қилиб, маъшуқаси бўлган стюардесса ва унинг ўша пайтдаги турмуш ўртоғига давлат сирларини ошкор қилганликда айлади. Бу ҳақда «The Times of Israel» хабар берди.

Фото: «Evreimir»

Маълум қилинишича, ушбу хабар юзасидан қолдирилган изоҳларда собиқ амалдорлардан бири Коэнни «ҳукуматга ўралашиб қолган» деб атаган ва унинг хатти-ҳаракатлари пастроқ мансабдор шахснинг қамоққа олинишига олиб келишини айтган.

Бироқ ўнг қанот экспертлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Коэн атрофида бирлашиб, собиқ бош вазир Биньямин Нетаньяхуни қўллаб-қувватлагани каби унга нисбатан эълон қилинган айбловларни рад этган.

Тергов маълумотларида «Моссад» собиқ раҳбарининг стюардесса билан ишқий муносабатлари 2018 йил охирида бошлангани, Коэн унга жосуслик агентлиги бутун дунё бўйлаб олиб борган операцияларининг бир нечта махфий тафсилоти билан мақтангани, шунингдек, уларга саёҳатлари ҳақида маълумот бергани айтилган.

«У жуда кўп воқеаларни айтиб берган, шу жумладан, ‘Моссад’ ҳақида ҳам», — деган стюардессанинг собиқ эри Гай Шикер. Унинг сўзларига кўра, Коэн уларга қандай қилиб «Моссад»га ишга киргани, араб етакчиларидан бирининг шифокори қаерда экани ва бошқа сирли тафсилотларни батафсил очиқлаган.

Хабарда айтилишича, бу воқеалар Коэнни Шикернинг уйига боришга ва у билан «келишишга» ундаган. Суҳбатдан сўнг Коэн Шикернинг 23 ёшли котибини «Моссад»га ишга жойлаб, Бангкокга жўнатган. Ушбу маълумотларга жавобан Коэн ҳеч қачон хавфсизлик сирларини ошкор қилмаганини таъкидлаган.

Аввалроқ Йоси Коэн ўз мансаб мавқеидан фойдаланганликда гумон қилинганди. Шунингдек, у Эронга қарши яширин операциялар ҳақида гапирганди.