Янгиликлар - 18:10 · 24.12.2021

ДХХ Андижонда «Ҳизб ут-таҳрир»нинг 12 нафар аъзосини ушлади

Андижон вилоятида 22 декабрь куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари «Ҳизб ут-таҳрир»нинг 12 нафар аъзосини ушлади.

Фото: Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати / Иллюстратив

Мавжуд тезкор маълумотларга кўра, муқаддам «Ҳизб ут-таҳрир» сафида фаолият олиб боргани учун узоқ йиллар жазо муддатини ўтаб чиққан, 1968 йилда туғилган А.А. жиноий фаолиятини тиклаб, 11 нафар собиқ ғоядошини ўзининг ноқонуний ҳаракатларига жалб қилган.

Ушбу шахсларнинг барчаси муқаддам «Ҳизб ут-таҳрир» ташкилотига аъзо бўлгани учун жазо муддатини ўтаб чиққан. Улар Ҳукумат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий кўмакка қарамасдан, жиноий тил бириктириб, аҳоли орасида ҳамда интернет тармоғи орқали экстремистик ғояларни тарғиб қилиш ва шу йўл билан сафини кенгайтиришга қаратилган ноқонуний ҳатти-харакатларни содир этган.

Ҳибсга олинган шахсларда экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланган ва улар процессуал тартибда расмийлаштириб, олиб қуйилган. Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қузғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда «Ҳизб ут-таҳрир»нинг 6 нафар аъзоси қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда ҳам диний экстремистик ташкилот тарафдорлари қўлга олинган.