Эрон ва Ироқ ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «Ал-Қудс» қўмондони сифатида фаолият юритган генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши бўйича қўшма баёнот имзолади. Бу ҳақда «Iran» хабар берди.

Фото: «Haberturk»

Эрон суд тизими юқори мартабали мулозимининг айтишича, Теҳрон ва Бағдод Эрон генерали Сулаймоний ва Ироқнинг терроризмга қарши кураш бўйича юқори мартабали қўмондонларини ўлдиришда айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қўшма баёнот имзолаган.

Таъкидланишича, Эрон суд тизими Инсон ҳуқуқлари кенгаши котиби ва халқаро ишлар бўйича суд ўринбосари Қосим Гарибободий 23 декабрь куни Эрон ва Ироқ терроризмга қарши курашувчиларининг ўлдирилишини тергов қилиш учун тузилган қўшма қўмита иккинчи йиғилишида қўшма баёнот имзолаганини эълон қилган.

Эрон адлия ходимининг айтишича, америкалик айбланувчиларнинг роли ва аралашувига оид ҳужжатлар ва маълумотлар Эрон делегацияси томонидан Ироқ делегациясига тақдим этилган ва бу борада икки давлат адлия идоралари қўшимча текширувлар олиб боришига қарор қилинган.

Хабар қилинишича, Эрон расмийси Теҳронга келган Ироқ адлия делегацияси билан учрашув чоғида генерал Сулаймоний ва Ироқнинг терроризмга қарши кураш бўйича юқори қўмондонларининг ўлдирилишида айбдорларни аниқлаш ва жиноий жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида, АҚШ ҳукумати Абу Маҳди ал-Муҳандис ва генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун жавоб бериши айтилганди. Сулаймоний ва ал-Муҳандис 2020 йил 3 январда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. АҚШнинг жавоб бериши ҳақидаги гапни Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён Бағдоддаги ал-Муҳандис ва Сулаймоний дафн этилган жойга ташрифи вақтида айтиб ўтган. Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлимидан олдин шиа милицияси бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Генерал Қосим Сулаймоний эса Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «Ал-Қудс» қўмондони сифатида фаолият юритган.

Аввалроқ Сулаймонийнинг ўлдирилишида Исроилнинг қўли борлиги маълум қилинганди. Шунингдек, АҚШ Эроннинг янги президентига мурожаат қилганди.