Ирланд ёзувчиси, драматург Самуэль Беккет 1989 йил 22 декабрда 83 ёшида Парижда вафот этган. У «абсурд театри» асосчиси сифатида танилган ва 1969 йилда Адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳибига айланган. «Bugun.uz» колумнисти Ўктам Ўринтоев қуйида ёзувчини бутун дунёга машҳур қилган пъеса — «Годони кутиш» асари ҳақида фикр юритади.

Фото: «The Guardian»

«Годони кутиш»… Бу асарни кўплаб адабий рўйхатларнинг шоҳсупасида учратасиз. Кўп ёзувчилар тавсия қиладиган асар «20 асрнинг энг яхши драмаси» деб эътироф этилади. Дастлаб 1949 йилда ёзилган асар 1954 йилда муаллиф томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, нашр этилган. Шундан сўнг «Годони кутиш» пъесаси ёзувчига халқаро эътироф олиб келди, Беккет «абсурд театри»нинг етакчи драматурги сифатида тан олинди.

Ҳажми унчалик катта бўлмаган пьеса 2 саҳнадан иборат бўлиб, қизиғи, иккала саҳна воқеалари, диалоглар бир-бирига ўхшаш, статик юз беради. «Годони кутиш» спектаклининг бош қаҳрамонлари Владимир (Диди) ва Эстрагон (Гого) ёлғиз дарахт ёнида қандайдир Годони кутади. Годо келса, улар азобларига якун ясалиши, излаган, аммо ўзлари ҳам билмайдиган бир нарсага эришамиз деб ўйлайди. Бироз вақт ўтгач, яна иккита ғалати ва ноаниқ қаҳрамонлар пайдо бўлади — Поццо ва Лакки. Уларнинг бир-бирига муносабатини аниқлаш жуда қийин, бир томондан Лакки Поццонинг индамас ва заиф қули, иккинчи томондан унинг собиқ устози, лекин бу талқин ҳам савол остида.

Бутун саҳна давомида икки марта болакай ҳам пайдо бўлади, у гўёки Гододан хабар олиб келиб, унинг эртага келишини таъкилайди. Қаҳрамонлар эса кутишда давом этаверади. Чунки Годо уларнинг бу мазмунсиз ҳаётига қандайдир маъно олиб келиши, уларни бу доимий бир хил ҳаёт тарзидан қутқариши керак эди. Годо уларга умид берар, унинг йўқлиги ёки келмаслиги қаҳрамонларнинг ягона мақсадини ҳам йўққа чиқарарди. Буни қуйидаги жумладан ҳам англаш мумкин:

«У алал-оқибат барибир келади, деб баъзан ўзимни ишонтираман. Ўшанда мени ғалати ҳиссиёт чўлғаб олади…Ҳалигидай… Хотиржам ва шу билан бирга қўрқув аралаш…»

Фото: «The New York Times»

Годо эса барибир келмайди, ўрнига эса болакайдан эртага келишини таъкидлайди, xолос. Улар орада бир қанча одамни учратади. Якунда ўзларини ўлдиришга ҳам уриниб кўради, аммо қўлларидан келмайди. Годонинг келиб қолиши мумкинлиги ҳаёлидан чиқмайди. Якунда улар кетишга қарор қилади. Аммо барибир ўрнидан қимирламайди. Шу билан асар якунланади.

Китоб абсурд адабиётнинг ёрқин наъмунаси ҳисобланиб, абсурд театрлари саҳналаштирилишига йўл очиб берган. Асардаги Годонинг кимлиги ҳақида маълумот йўқ. Унинг исмидан келиб чиқилса, бу инглизча «god» яъни «худо» сўзидан олингани айтилади. Годо ким учундир худо, илоҳ ва уни бу ҳаётда яшашга ундовчи бир умид мисолида гавдаланади. Эътибор беринг:

«Бу ерда нима қилаяпмиз? Биз мана шу саволга жавоб беришимиз зарур. Бахтимиз шуки, биз буни яхши биламиз. Ҳа, бу даҳшатли, алғов-долғовли дунёда бир нарса бизга таскин беради: биз Годонинг келишини кутяпмиз».

Умуман, 2-Жаҳон урушидан кейинги пайтларда одамларнинг кўнгли ҳувиллаб, ҳаёли алланечук бўлиб қолганди. Одамлар ўзи нега умр кечираётгани, яшашдан мақсадини билмай қолганди. Уруш азоблари улар биладиган барча ҳиссиёт ва қадрли нарсалар аҳамиятини йўққа чиқарганди. Бирор мақсад қўйишга ҳам илинж йўқ эди. Шу пайт абсурд ва экзистенциализм вакиллари — Камю, Ионэско ва Беккет кабилар катта саҳнага чиққан.

Асар одамларнинг доимо қандайдир умидларга ишониб ўзини овутиб яшаши ҳақида десак бўлади. Аҳир одамлар ҳам эртага, бир йилдан кейин ҳаётимида нималардир ўзгаришига умид қилиб яшайди-ку. Ҳозирги муаммоларимиз, азобларимизга кимдир, Худо ёки бошқа нимадир ечим бўлади, улар ўзгартиради деб умид қиламиз-ку. Аммо аслида бу ўзгариш эмас, балки унга бўлган умид бизни яшашга ундайди.

Шунчаки, биз илинжларсиз, умидларсиз яшолмаймиз. Беккет айнан шуни тушунтирмоқчи бўлган. Асар персонажлари ҳам кетмоқчи, Гододан воз кечмоқчи бўлади-ю, қўлидан келмайди. Чунки айнан Годо, уни кутиш улар ҳаётига мазмун берарди. Шугина умид уларни бу абсурд ҳаётда ушлаб турарди. Ҳар биримиз ўз қадриятларимизни ўзимиз яратамиз. Шу орқали яшашдан маъно ҳосил қиламиз. Абсурдизм вакиллари таъкидлаганидек, абсурдга дуч келарканмиз, ундан қочишнинг имкони йўқлигини тан олиш лозим. Шунчаки, шу абсурдни тан олиб, ўз қадриятларимизни, янги мақсадларни ҳосил қилиб яшаш лозимлиги маълум бўлади. Ҳаёт мазмунини ҳар бир инсон ўзи яратади.

«Aжойиб кунларнинг бирида биз туғилганмиз, ажойиб кунларнинг бирида ўламиз. Бир куни, бир лаҳзада, шу жавобим сизга етарлими? (Хотиржамроқ оҳангда) Ҳаёт ва ўлим эгизак, кўз очиб-юмсанг, кун, кейин эса яна тун».

Шунингдек, асарни Иккинчи жаҳон урушида қочишга мажбур бўлган, қийин аҳволда қолган француз ва еврей қочоқлари ҳолати билан ҳам боғлашади. Улар ҳам ўзини қутқаришларини умид қилиб, сабр билан яшашга мажбур эди. Самуэль Беккетнинг ўзи эса аниқ бир интерпретациалардан қочган, асарнинг мазмуни ҳақида яққол фикр билдирмаган. Ундан асар мазмуни ҳақида сўрашганда у «умидларни сўндирманг», дея фикр билдирган, xолос.

Асар инглиз тилида чоп этилгач ва саҳналаштирилгач, машҳурликка эришган. Бошқа кўплаб ёзувчилар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган ва кўплаб тилларга таржима қилинган. Асар ўзбек тилига Жаббор Эшонқул томонидан таржима қилинган ва «Жаҳон адабиёти» журналида чоп этилган. Сиз ҳам ХХ асрнинг энг ноёб дурдонадаларидан бири билан танишишни истасангиз, албатта, асарни мутолаа қилинг.