22:16 | 24.12.21 66

Ўзбекистонда 2022 йилда барча аҳоли пунктлари мобил алоқа ва интернет билан таъминланади

Президент Шерматовга IТ тармоқлар тезлигини 1,8 бараварга ошириш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, йирик экспортёрлар билан ишлаб, IT-паркларда хизматлар экспорти ҳажмини 80 миллион долларга етказиш мўлжалланган. Ялпи ички маҳсулотда рақамли иқтисодиёт улушини ошириш, электрон хизматлар учун енгилликлар яратиш назарда тутилган.

Тақдимотда бу борада таклиф этилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилган. Давлат раҳбари 2022 йилда IT хизматлар ҳажмини 35 фоиз ошириб, 21 триллион сўмга етказиш, дастурлаш хизматини кўпайтириш учун барча имконият борлигини таъкидлаган.

Сунъий интеллект марказини ишга туширишни жадаллаштириш, хориждан IT мутахассислар жалб этиш тартибини соддалаштириш бўйича кўрсатма берилган. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2022 йилда IT тармоқлар тезлигини 1,8 баробар ошириш ҳамда 1 миллион қўшимча кенг полосали тармоқлар ўрнатиш вазифаси қўйилди. Бу орқали аҳоли пунктларининг барчаси мобил алоқа ва кенг полосали интернет билан таъминланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент янги технологиялар, аввало, одамларга хизмат қилиши, қулайлик яратиши зарурлигини таъкидлади. Охирги йилларда 300 дан ортиқ давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, 2021 йилнинг ўзида улардан 16 миллион маротаба фойдаланилган.

2022 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар улуши 60 фоизга етказилиши белгиланган.

Тақдимотда бу борадаги яна бир қулайлик: фуқаро паспортининг рақамли профили ҳақида маълумот берилди. «Gov Pass» мобил иловаси смартфонга ўрнатилади ва унда паспорт, диплом, меҳнат дафтарчаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси каби кўплаб ҳужжатлар жамланади. Яъни фуқаронинг барча ҳужжатлари доим ёнида, телефонида бўлади. Бу вақт ва пулни тежаб, қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади, оворагарчиликларни бартараф этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Хавфсиз шаҳар» тизими ижросига доир масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилгача бу тизимни тўлиқ жорий этиш вазифаси қўйилган. Давлат раҳбари соҳани ривожлантиришнинг молиявий манбаларини мустаҳкамлаш бўйича ҳам кўрсатма берган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини бориб кўрганди. Бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади. Улар 9 балдан юқори зилзилага чидамли бўлади. Технологик паркда IТ ташкилотлар, университет, конференция зали, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради.