АОКАда 24 декабрь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси вакиллари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида 2020 йил учун Фанлар академияси томонидан «Қизил китоб»га киритилган икки айиқни овлаш учун квота ажратилгани ҳақида маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Кадр: Telegram / @ekologuz

Маълум қилинишича 5 декабрь куни бўлиб ўтган идоралараро комиссия йиғилишида Фанлар академияси томонидан 2022 йилда овланиши мумкин бўлган ҳайвон турлари бўйича квоталар тақдим этилган.

«627-рақамли ‘Ов ва ов хўжаликлари тўғрисида’ги қонун бор. Регламентга кўра, 1 ноябрдан 15 ноябргача 2022 йилда табиатдан фойдаланувчилар учун квота ажратилган эди. Унга кўра, йиғилган аризалар Фанлар академиясига тақдим қилинади. Уларда ҳар бир квота учун юритиладиган ҳисоб бўлади. 5 декабрда Фанлар академиясида идоралараро комиссия йиғилади, мана шу ерда ‘Қизил китоб’га киритилган ҳайвонлар ҳам, агар ҳисоби бўлса, кейинги йилга квотаси ажратилади.

Бу йил ҳам иккита айиқ овланишига рухсат берилди, лекин Экоқўмита раҳбари ўз ваколатидан келиб чиқиб, бу икки айиқ берилмайдиган бўлиб хулоса қилинди», — деди Биологик хилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган ҳудудлар бош бошқармаси бошлиғи Абдурашид Содиқов.

Экоқўмита вакилининг сўзларига кўра овчилик, табиатдан фойдаланиш бўйича маълумотлар жамоатчиликка очиқ равишда тақдим этилган.

Маълумотлар Экоқўмита расмий саҳифаси очиқ порталига қўйилади. У ерда ким, қаерда, қанча ов қилишга квота олгани ва ов қилиш мумкин бўлмаган ҳудудлар ҳам эълон қилиб борилади», — деди у.

Аввалроқ Экоқўмита раиси нима сабабдан «Қизил китоб»га киритилган айиқни овлашга рухсат бергани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларни овлаш учун аризалар қабули қачон бошланиши айтилганди.