Ўзбекистонда биринчи марта 23 декабр куни «e-notarius.uz» ахборот портали орқали онлайн нотариал ҳаракат масофадан туриб расмийлаштирилди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон электрон ҳукумат портали тарқатган хабарга кўра, фуқаро У.В. нотариал идорага келмасдан, вояга етмаган фарзандини чет элга чиқишга розилик бериш аризасини видеоконференцалоқа ёрдамида расмийлаштирган. Мазкур хизмат тест режимида ишга туширилди ва кейинги йилнинг бошидан тўлиқ татбиқ этилади.

Эндиликда «e-notarius.uz» ахборот портали орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончномани тасдиқлаш, ижро хатини ёзиш, аризадаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлашни (доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга қўйишга розилик, вояга етмаган фарзандни чет элга чиқишга розилик бериш билан боғлиқ ариза ва мажбуриятномалар), шунингдек, тўловларни ҳам амалга ошириш мумкин.

Онлайн нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун «e-notarius.uz» ахборот порталига кириб, республикадаги исталган нотариусга масофадан туриб нотариал ҳаракатни расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилинади.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мурожаат қилувчининг шахсига оид маълумотлар ONE ID – идентификациялашнинг ягона тизими орқали автоматик равишда тўлдирилади. «e-notarius.uz» ахборот порталида нотариусга мурожаат қилишнинг тартиби ва босқичлари фуқаролар тушуниши учун қулай шаклда, алоҳида эслатмалар билан ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилган.

Маълумотлар мурожаат қилувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлангандан сўнг онлайн нотариал ҳаракат учун тўлов квитансияси ҳам автоматик равишда шакллантирилади. Мурожаат қилувчи ва нотариус келишилган вақтда нотариал ҳаракатни рўйхатдан ўтказиш учун видеоконференцалоқага чиқади ва нотариал ҳаракат расмийлаштирилади.

Нотариуслар томонидан электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатларни амалга ошириш имкониятини берувчи маъмурий регламент эса жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган ҳукумат қарори лойиҳасида кўрсатиб ўтилган.

«Bugun.uz» мухбирининг билдиришича, ушбу қарор лойиҳаси билан қабул қилинадиган маъмурий регламент нотариал идорага келмасдан, масофадан туриб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш механизмини жорий этиш имкониятини беради ҳамда айрим нотариал ҳаракатларнинг интерактив расмийлаштириш тизимини ривожлантиради.

Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 9 cентябрдаги тегишли фармонининг 12-банди ва ушбу фармон билан тасдиқланган 2019–2021 йилларда Нотариат институтини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси»нинг 47-бандига мувофиқ электрон рақамли имзо ёрдамида, шунингдек, видеоконференцалоқа орқали амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда уларни мамлакатимиз ҳудудида кенг жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган.