NATO бош котиби Йенс Столтенберг ташкилот ҳеч қачон альянсни кенгайтирмасликка ваъда бермаганини маълум қилди. Бу ҳақда у Германиянинг «DPA» агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: «Daily Sabah»

Маълум қилинишича, альянс бош котиби Россия президенти Владимир Путиннинг йиллик матбуот анжуманидаги «Ғарб 1990 йилларда совет раҳбариятини NATO’ни шарққа кенгайтириш нияти йўқлигини айтиб, очиқ-ойдин алдаган», деган баёнотини шундай изоҳлаган.

«NATO ҳеч қачон кенгаймасликка ваъда бермаган. Аслида ташкилотимизнинг таъсис ҳужжатида Европанинг исталган давлати альянсга аъзо бўлиши мумкинлиги айтилган. Иккинчидан, 1970–1990 йилларга оид ҳужжатлар бор: Хельсинки якуний акти, Париж хартияси ва Россия–NАТО таъсис акти, шунингдек, мамлакатлар ўз йўлини танлаш ҳуқуқига эга эканини аниқ кўрсатувчи бошқа кўплаб шартномалар ҳам мавжуд», — деган Столтенберг.

Унинг эслатишича, ушбу ҳужжатлар Европа хавфсизлигининг асосий тамойилини белгилаб беради, унга Россия ҳам имзо чеккан. «Бу биз сўз билан ўзгартира оладиган нарса эмас», — деб қўшимча қилган бош котиб иттифоқчилар ҳам бундай ваъда берганини қатъиян рад этишини қўшимча қилган ҳолда.

«Собиқ президент Горбачёвнинг ўзи ҳам NATO’нинг кенгайиши мавзуси Германияни бирлаштиришдан олдин ҳеч қачон кўтарилмаганини айтган», — дейди Столтенберг.

Аввалроқ NATO Россия билан мулоқотга киришиш шартларини маълум қилганди. Шунингдек, АҚШ ушбу ташкилотнинг Осиё версиясини ёки Хитойга қарши коалиция тузишни режалаштирмаётгани айтилганди.