«UzAuto Motors» билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар cўнгги 4 ой ичида мижозларни норози қилди ва кўпинча буларга расмий муносабат билдирилмади. Хусусан, завод ноябрь–декабрь ойларида автомобилга буюртма берган харидорларга машинасини етказиб бериш муддатини 2 ойга кечиктирди.

Bugun.uz

«UzAuto Motors»га боғлиқ бўлмаган ҳолатлар — яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмлар етишмовчилиги, глобал логистика муаммолари сабабли компания автомобилларнинг кутилаётган етказиб бериш муддатини 2 ойга узайтиришга мажбур», дея тушунтириш берилган расмий баёнотда.

Бундан ташқари,  компания 2022 йилнинг февралигача «Nexia», «Spark», «Cobalt», «Lacetti» сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатишини эълон қилган. Бунга ҳам яримўтказгичларни етказиб беришдаги узилишлар сабаб қилиб кўрсатилган.

«UzAuto Motors» 5–17 декабрда ишлаб чиқарилган «Nexia», «Cobalt», «Lacetti» машиналарини қайтариб олишини эълон қилди. Бунга машиналарнинг орқа ойна иситиш тизимини текшириш кераклиги сабаб бўлган. Бу билан боғлиқ барча харажатлар ишлаб чиқарувчининг маблағи ҳисобидан амалга оширилиши айтилган.

Аввалроқ завод микрочиплар етишмаслиги сабаб деярли тайёр автомобилларни ун омборида сақлаганди. 14 октябрь куни қатор Telegram каналларда «Chevrolet Lacetti» ортилган автоконтейнерлар ун омбори томон ҳаракатланаётгани кўрсатилган видеолар тарқалган. Бу ҳолатга компания шундай изоҳ берган:

«Гап шундаки, компания кунига 250−300 дона «Chevrolet Lacetti» автомобилини ишлаб чиқаради. Биз ушбу автомобилларни яримўтказгич деталининг йўқлиги сабабли ўз эгаларига топширолмаймиз. Автомобил тайёр, аммо биргина деталнинг йўқлиги қайсидир тизимнинг ишламаслигига сабаб бўлади. Бу тайёр, аммо сотиб бўлмайдиган автомобиллар заводдаги тайёр маҳсулот учун ажратилган жойни тўлдириб бўлди. Мана шу сабаб билан ‘UzAuto Motors’ ‘Ўздонмаҳсулот’ билан автомобилларни корхона ҳудудида вақтинча сақлаш тўғрисида шартнома тузди».

Маълумотларга кўра, охирги 8 ой ичида завод 130,4 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. Август ойида 5534 та, улардан 350 таси «Cobalt», 177 таси «Nexia», 2 таси «Lacetti» ва биттаси «Spark» ҳисобланади. Компания бу ҳолатни бот-бот автомобиль ишлаб чиқариш учун зарур бўлган яримўтказгичларнинг танқислиги билан боғлаган.

Аммо завод ички ҳаридларни камайтириш эвазига чет эллик истеъмолчиларнинг эҳтиёжини қондирмоқда. Шу йилнинг октябрь ойида қозоғистонликларга 1428 дона «Cobalt» экспорт қилинган. Энг кўп сотилган моделлар қаторида «Nexia» (848 дона) ҳам бор. Қарийб 8 ойдан буён «Cobalt» қозоғистонликлар бозорида энг оммабоп русм бўлиб турибди. 2021 йилнинг  январь–октябрь ойларида «UzAuto Motors» томонидан ишлаб чиқарилган автомобиллар сони ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда ётарлича пасайган:

«Gentra» — ўтган йилни мос даврига нисбатан 10 фоиз;

«Nexia-3» — 62,7 фоиз;

«Spark» — 67 фоиз;

«Cobalt» — 21 фоиз.

Ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбата пасайган бўлса-да, Ўзбекистон 2021 йилнинг январ–октябрь ойларида 323 миллион долларлик автомобил экспорт қилган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 2,1 баробарга ошган. Яъни ишлаб чиқариш камайган, лекин экспорт тушуми ўтган йилги даромаддан ҳам юқори бўлган.

Фото: «UzAuto Motors»

Депутат Расул Кушербаев ҳам Telegram’даги каналида ички бозорга етказиб беришни камайтириб, бунинг устига «Cobalt»ни ўриндиқ иситиш модулисиз сотганини танқид қилиб, «Монополист истеъмолчилар ҳуқуқларини бузишда давом этмоқда» сарлавҳаси билан пост эълон қилган.

«UzAuto Motors» эса компаниянинг позицияси харидорларга танлов ҳуқуқини бериш — автомобилни ўриндиқ иситкичисиз 1 миллион сўм компенсация билан қабул қилиб олиш ёки етишмаётган деталнинг етказилишини кутиш керак талқинида жавоб қайтарган.

Охирги 4-5 ой ичида «UzAuto Motors» билан боғлиқ машмашали ҳолатларга завод ишлаб чиқарган машиналарда кузатилаётган ёнғин ҳолатларини ҳам қўшса бўлади. Россияда автотрейлер ва унга ортилган «UzAuto Motors»  машиналари ёниб кетиши, Янги ТошМИ ҳудудида «Оrlаndo», Тошкентнинг бошқа кўчасида «Laсetti», «Tashkent city» қаршисида «Оrlаndo»да ёнғин юз бериши бунга мисол. Бундай ҳолатлар Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида ҳам содир бўлган. Марғилонда «Cоbalt» ва «Damas» тўқнашиб, иккаласи ҳам бутунлай ёнган. Жиззахнинг Ғаллаорол туманида ҳам «Laсetti» ёниб кетган. GM машиналари нима сабабда ёниб кетаётганига ҳалигача расман изоҳ йўқ. Бундай ҳоллар аввал ҳам кузатилган. 2018 йилда ҳам 64 та, 2019 йилда 11 та машинада ёнғин юз берган. Уларнинг ёниб кетишига ёнилғи ва электр ўтказиш тизими бузилгани сабаб экани айтилган.

Рухсора Машарипова тайёрлади