Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарларининг учрашуви муносабати билан Россияга боради. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Путин ташаббуси билан 28 декабрь куни Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг анъанавий норасмий учрашуви бўлиб ўтади.

Тадбирда Ўзбекистон раҳбаридан ташқари Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўкаев, Республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовлар иштирок этади.

Маълумот учун, Президент 19 ноябрь куни ҳам Россияга борганди. Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.