Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, давлат раҳбари Илҳом Алиевни 60 йиллик юбилейи билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, биродар Озарбайжон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Етакчилар Ўзбекистон–Озарбайжон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари кун тартибидаги долзарб масалаларни кўриб чиқди. Савдо-иқтисодий алоқалар ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани қайд этилди: ўзаро савдо кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда, етакчи корхоналар кооперацияси кенгаймоқда. Декабрь ойда Баку шаҳрида саноат кўргазмаси ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилди. Икки томонлама маданий-гуманитар дастур доирасида фаол алмашинувлар давом этмоқда.

Давлат раҳбарлари устувор тармоқ ва йўналишларда, шу жумладан, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида амалий ҳамкорлик бўйича лойиҳаларни жадал илгари суриш муҳим эканини қайд этди. Минтақавий сиёсат ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди.